Саудия Арабистони Эронга зарбаларни кучайтиришни сўради
The Guardian Саудия разведкасидаги манбага таяниб хабар беришича, Саудия Арабистони АҚШни Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни кучайтиришга чақирган. Манбанинг айтишича, Ар-Риёд нафақат кампания давом этишини истамоқда, балки унинг кенгайтирилишини ҳам хоҳламоқда.
Хабарга кўра, Саудия валиаҳд шаҳзодаси, амалда қироллик ҳукмдори бўлган Муҳаммад бин Салмон АҚШ президенти Дональд Трампни Эронга қарши урушни давом эттиришга ундаган. Манба ҳозирги АҚШ-Исроил кампаниясини Яқин Шарқни қайта шакллантириш учун “тарихий имконият” деб таърифлаган.
The New York Times ҳам 24 март куни ўз манбасига таяниб, Саудия валиаҳд шаҳзодаси Трампни Теҳронга босимни юмшатмасликка ундаганини хабар қилди. Ўша маълумотга кўра, у ҳарбий амалиётлар давом этишини ва Эрон ҳукумати ағдарилишини талаб қилган.
Айни пайтда, хабарларда айтилишича, Саудия Арабистонининг ўзи ҳам Эрон ҳужумига учраган. Бир ҳафта олдин Қизил денгиз бўйидаги Янбу порт шаҳридаги SAMREF нефтни қайта ишлаш заводи нишонга олингани айтилган.