Наманганда ўқитувчи қизга нисбатан жиноятда гумонланмоқда
Наманган вилоятидаги Янгиқўрғон туманида яшовчи ота–онанинг мурожаати асосида 1973 йилда туғилган ўқитувчи Т.Ш. 2013 йилда туғилган 6-синф ўқувчи қизга нисбатан жинсий зўравонлик қилишда гумонланмоқда. Болалар омбудсмани мазкур ҳолатни жамоат назоратига олиб, ижтимоий таъсир ва огоҳлик чораларини кучайтирган.
Маълум қилинишича, ота–она 28 март куни туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилган ва фарзандига нисбатан содир этилган эҳтимолий жиноят ҳақида хабар берган. Янгиқўрғон тумани ИИБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми асосида жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчи Т.Ш. қонунан ушланган ва унга нисбатан қатъий эҳтиёт чораси — қамоқ қўлланган. Ҳозирда тергов ходимлари дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бормоқда, жумладан далилларни йиғиш ва гувоҳларни сўроқ қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисмига кўра, ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан зўрлик, қўрқитиш ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланган ҳолда жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш жинояти учун 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Болалар омбудсмани аҳолини ҳушёр бўлиш ва фарзандларнинг хавфсизлиги учун огоҳлик чораларини кучайтириш лозимлигини таъкидлади. Жамоат назорати ва тезкор чоралар орқали бундай жиноятларнинг олди олинади ва жабрланганлар ҳуқуқлари ҳимоя қилинади.