АҚШ Эрондан Ҳурмуз бўғозини очишни талаб қилмоқда
АҚШ президенти Дональд Трамп 1 апрель куни Эрон вақтинчалик ўт очишни тўхтатишни сўраганини эълон қилди. Ижтимоий тармоқдаги постида Трамп Вашингтон фақат Теҳрон Ҳурмуз бўғозини очганидан кейингина келишувни кўриб чиқишини таъкидлади. У бўғоз очилмагунча, Қўшма Штатлар Эронни тош даврига қайтариш учун ҳарбий зарбаларини давом эттиришидан огоҳлантирди. Бу ҳақда Dw.com хабар беради.
Эрон ҳукумати бу даъволарни тезда рад этди. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоий Трампнинг баёнотини ёлғон ва асоссиз деб атаб, буни Американинг ҳарбий ҳаракатларини оқлаш учун қилинган тактика деб таърифлади. Бақоий Эрон ўзининг жавоб зарбаларини давом эттиришини таъкидлади. Айни пайтда, Ислом инқилоби посбонлари корпуси Ҳурмуз бўғози уларнинг мутлақ назорати остида қолишини ва душман давлатлар учун очилмаслигини маълум қилди.
Минтақадаги зиддиятлар кучайишда давом этмоқда. Wall Street Journal нашрига кўра, Бирлашган Араб Амирликлари Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчиларига тўсиб қўйилган бўғозни куч билан қайта очишда ёрдам беришга тайёргарлик кўрмоқда. Агар бу юз берса, БАА Эрон билан тўғридан-тўғри жангга киришган биринчи Форс кўрфази давлатига айланади.
28 февраль куни АҚШ ва Исроил ҳаво зарбаларини амалга оширганидан сўнг можаро янада кучайди, хабарларга кўра, бу зарбалар оқибатида Эрон олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Хоманаий ва бир қанча юқори мартабали амалдорлар ҳалок бўлган. Бунга жавобан Эрон ракеталар ва дронлардан фойдаланган ҳолда Форс кўрфази минтақасидаги АҚШ ҳарбий базалари, нефть иншоотлари ва танкерларини нишонга олди.