Самарқандда директор ўринбосари ва ўқувчи муштлашиб кетишди
Самарқанд вилояти Ургут туманидаги 2-мактабда директор ўринбосари ва 9-синф ўқувчиси ўртасида муштлашув содир бўлди. Ҳолатни кўрсатувчи видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.
Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар беришича, бу воқеа 2 апрель куни дарсдан сўнг, мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари ҳамда ўқувчи ўртасида содир бўлган.
Бошқарма томонидан маълум қилинишича, улар ўқувчиларга нисбатан ҳар қандай қўпол муносабатни кескин қоралайди. Воқеа юзасидан махсус ишчи гуруҳ тузилиб, ҳамма томонлама ўрганилмоқда.
Ҳозирда ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан текширилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Махсус гуруҳ воқеанинг сабабларини аниқлаб, келгусида бундай ҳолатларни олдини олиш чораларини кўришни режалаштирмоқда.