Эрон президенти Пизишкиён америкаликларга очиқ хат юборди
Эрон президенти Масъуд Пизишкиён америкаликларга очиқ мактуб ёзиб, унда америкаликлардан «бузиб кўрсатилган ва сунъий яратилган ҳикоялар оқимидан ташқарига қарашга» чақирди. Унинг таъкидлашича, Вашингтон сиёсати ҳақиқатан ҳам «Аввало Америка» тамойилига мувофиқ ҳаракат қиладими, деган савол туғилмоқда ва бу борада шубҳа бор.
Шунингдек, Пизишкиён АҚШнинг «охирги америкалик аскар қолгунча» жангга тайёр эканлиги ҳолатида, Исроилнинг «прокси»си сифатида ҳаракат қилиши мумкинлиги масаласини кўтарди. Мактуб 1 апрель куни кечқурун Press TV веб-сайтида эълон қилинди.
Пизишкиён таъкидлашича, Эрон «тажовуз, экспансия ёки ҳукмронлик йўлини танламаган» ва фақат ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ҳаракат қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, Эронни таҳдид сифатида кўриш «сиёсий ва иқтисодий манфаатлар натижаси». Шунингдек, у эронликлар «бошқа давлатлар халқларига, жумладан америкаликларга қарши душманлик кайфиятида эмаслигини» алоҳида таъкидлади.
Мактубда президент урушнинг эскалацияси учун масъулиятни АҚШ ва Исроилга юклаб, охирги зарбаларни «тажовуз» ва тинч аҳолига қарши қаратилган «ҳарбий жиноят» сифатида баҳолади. Пизишкиён урушнинг америкаликлар учун фойдасини ҳам шубҳа остига қўйиб, «Бу уруш Америка халқининг қайси манфаатларига хизмат қилади?» деган саволни қўйди. Унинг фикрига кўра, дунё ҳозир қарама-қаршилик ва ўзаро таъсир чорраҳасида турибди ва бу танлов натижаси «авлодлар келажагини белгилайди».
Эроншунос Никита Смагин The Insider нашрига берган интервьюсида Эрондаги уруш ва тинчликка оид қарорлар бир шахс томонидан эмас, балки ҳарбий-сиёсий блокнинг коллективлиги томонидан қабул қилинишини таъкидлади. Унинг фикрига кўра, ИИҚК асосий рол ўйнайди, бошқа ҳарбий тузилмалар эса сезиларли даражада мустақилликка эга.
Смагиннинг таъкидлашича, Масъуд Пизишкиён мўътадилроқ шахс бўлса-да, ҳақиқий таъсирга эга эмас ва кўпроқ декоратив вазифани бажаради. Хоминаийнинг ўғли Мужтаба Хоминайнинг роли ва аҳволи ҳақида эса ишончли маълумотлар мавжуд эмас.