Фарғонада отасининг «Дамас»ида дўконга чиққан 11 ёшли бола 2 яшар қизчанинг ўлимига сабабчи бўлди
Шу йилнинг 10 ноябрь куни Фарғона вилоятининг Бағдод туманида отасига тегишли «Дамас» автомашинасини миниб, маҳалладаги савдо дўконидан озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келишга чиққан 11 ёшли И. қўшни қизалоқ — 2 ёшли И. ни уриб юборган. Бу ҳақда Халқ сўзи ёзмоқда.
Автоҳалокат натижасида саросимага тушиб қолган болакай воқеа жойидан қочиб кетган. Афсуски, жажжи қизчага ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмагани сабабли у воқеа жойида ҳаётдан кўз юмди.
Бағдод тумани ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи катта инспектори Аҳрор Жакбаровнинг маълум қилишича, айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Маълум бўлишича, тумандаги умумтаълим мактабларидан бирининг 4-синф ўқувчиси бўлган болакай уйи олдида отаси калити билан қолдирган «Дамас»ни рухсатсиз ҳайдаган ва бошқарувни эплай олмай автоҳалокат содир этган.