Кредит сабаб автомашиналар аукционда сотилиши мумкин
Яхши биламизки, кредит шартнома шартларига кўра, қарзни тўлиқ ва ўз вақтида қайтармаган тақдирда, банк муассасалари ишни ҳуқуқий баҳо бериш ва маблағларни ундириш учун судга мурожаат қилади.
Суд қарори билан кредит ундирув ишлари Мажбурий ижро бюроси органларига юборади.
Ўз навбатида, Бюро давлат ижрочилари ушбу қарздорликларни ундириш бўйича ижро ҳаракатларини олиб боришади.
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 20.07.2022 йил кунги ижро ҳужжатига асосан қарздор Ш.Эгамбердиев ва А.Кубаевлар ҳисобидан солидар тартибда ундирувчи “Капиталбанк” АТБ фойдасига жами 86.092.045 сўм кредит қарзини ундириш кўрсатилган.
Мазкур ундирув Мажбурий ижро бюроси Фориш туман бўлими иш юритувига 24.08.2022 йил куни келиб тушган ва ижро иши қўзғатилган. Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздор кредит қарзини тўлашдан бўйин товлаганлиги сабабли қарздорга тегишли “Cobalt” русумли автотранспорт воситаси хатланиб, Электрон онлайн аукцион савдосига чиқарилган. Жорий йилнинг 27 март куни ўтказилган Электрон онлайн аукцион савдосида 105.123.009 сўмга сотилган ва ижро хужжати ижроси тўлиқ таъминланган.
Фуқаролик ишлари бўйича Фориш туман судининг 23.02.2023 йил кунги ижро ҳужжатига асосан қарздор Р.Умиров ҳисобидан ундирувчи “Анорбанк” АЖ фойдасига жами 29.151.880 сўм кредит қарзи ундириш кўрсатилган.
Мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Фориш туман бўлими иш юритувига 24.03.2023 йил куни келиб тушган ва ижро иши қўзғатилган. Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздор кредит қарзини тўлашдан бўйин товлаганлиги сабабли гаровга қўйилган Ё.Умировга тегишли “Nexia 3” русумли автотранспорт воситаси хатланиб ҳозирда Электрон онлайн аукцион савдосига чиқариш чоралари кўрилмоқда.