Бухорода мактаб директори пора олаётган вақтда қўлга тушди
Бухоро вилояти Қоракўл туманида мактаб директори томонидан содир этилган фирибгарлик жинояти фош этилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати xабар берди.
Хабарга кўра, ҳолат Бухоро вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида аниқланган. Қоракўл туманидаги умумтаълим мактабларидан бирининг раҳбари, “Хўжакон” маҳалласида яшовчи, 1965 йилда туғилган Ж.Ф. ўз хизмат мавқейидан фойдаланиб, бошқа фуқаролар Б.М. исмли эркакни мактаб қорувули, Н.С. исмли аёлни фаррош вазифасига ишга қабул қилган.
Бунинг эвазига ушбу мактаб хўжалик ишлари бўйича мудираси Х.Г. орқали уларнинг бир ойлик маошлари миқдорига тенг кимёвий ишлов берилган 900 000 сўм пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.