Туркиянинг AnadoluJet авиакомпанияси Анқара – Тошкент – Анқара йўналишларида парвозларни йўлга қўйди
2023 йилнинг 17 апрелдан эътиборан AnadoluJet Туркия пойтахти Анқарадан, пойтахтимиз Тошкент шаҳрига тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйди.
Илк маротаба, 18 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 04:10 да Анқарадан Тошкент аэропортига етиб келган AnadoluJet авиакомпаниясининг Боэинг 737-800 русумли самолёти, Ўзбекистон Фуқаро Авиацияси агентлигининг бош директори Тоҳир Назаров, Туркия Республикасининг Тошкентдаги элчиси Олган Бекар ва Турк Ҳаво Йўлларининг Тошкентдаги офиси менежери Селим Каҳриман самолёт зинапояси олдидаги лентани кесиб, йўловчилар ва экипаж аъзоларини тантанали қарши олдилар.
Шу ўринда, Турк Ҳаво Йўллари ва AnadoluJet бўйича чипта нархларини қиёслайдиган бўлсак, AnadoluJetда, Тошкент – Анқара йўналиши учун чипталар қиймати бугунги кунда 2,4 миллион сўмни ташкил этса, Анқара – Тошкент йўналиши учун 1,7 миллион сўм этиб белгиланган. Ушбу йўналишдаги йўналишлар ҳафтада бир марта — душанба кунлари мунтазам равишда амалга оширилиши режалаштирилган.
Турк Ҳаво Йўлларида эса кўрсаткичлар бироз юқори бўлиб, унда Тошкент – Истанбул йўналиши учун бугунги кундаги чипта нархлари 2,8 миллион сўмдан бошланса, Истанбул – Тошкент рейслари учун, 4,7 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Маълумот ўрнида, AnadoluJet бош қароргоҳи Анқарада жойлашган. У Турк Ҳаво Йўлларининг қўшимча тармоғи бўлиб, эконом класс йўловчилари учун имтиёзли нархдаги парвозлар ва сифатли хизматларни тақдим этиб келмоқда.
Ривожланаётган технологияга инновацион ёндашуви билан қиймат қўшаётган ушбу бренд олдиндан “Ўриндиқ ва таом танлаш” каби имкониятлари билан хизмат сифатини оширишда давом этмоқда.
Авиакомпания паркида 77 та самолёт мавжуд бўлиб, улар 89 та йўналишда ички ва халқаро рейсларни амалга оширади.