Маълумотларни тарқатмаслик учун 50 миллион талаб қилган блогер 7 йилга «кесилди»
Шов-шувли блогер Тўқберген Aбиев товламачиликда айбланиб, 7 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Tengrinews.kz Остона жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро судига таяниб хабар берди.
4 август куни Остонада Aбиевга нисбатан катта миқдордаги товламачилик факти бўйича ҳукм чиқарилган. 2020 йил июнь ойидан бошлаб блогер You Tube каналида ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва тадбиркорлик объектларидан бирининг ишбилармонлик обрўсига путур етказадиган маълумотларга эга видеоларни нашр этиб келган.
Кейинчалик фирма адвокати You Tube’дан барча видеоларни ўчиришни талаб қилган. Aбиев эса видеоларни ўчириб ташлаш ва МЧЖ обрўсига путур етказадиган маълумотларни тарқатмаслик учун 50 миллион тенге талаб қилган.
Aбиевнинг айби жабрланувчининг вакили, гувоҳлар, уяли телефон ёзишмалари, ташқи ва ички кузатув камераларидаги видео ёзувлар, экспертиза хулосалари, ашёвий далиллар билан исботланган. Прокурор Aбиевни 9 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради. Ҳимоячи уни оқлашни сўради.
Иш айбланувчининг илтимосига биноан ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилди. Ҳакамлар ҳайъати иштирокидаги суд ҳукми билан Aбиев кўрсатилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилди. Суд жиноий жавобгарлик ва жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида судланувчининг ёш болалари борлигини инобатга олди. Суд томонидан оғирлаштирувчи ҳолатлар аниқланмаган. Ушбу модданинг санкцияси мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 7 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони назарда тутади.
Суд ҳукми билан Тўқберген Aбиев айбдор деб топилиб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди ва жазони ўрта даражадаги жазони ижро этиш тизимида ўташга ҳукм қилинди.