Нигерия Сенати президентнинг ҳарбий тўнтаришга қарши қўшин юбориш ҳақидаги илтимосини рад этди
Нигерия Сенати президент Бола Аҳмед Тинубунинг ўтган куни ҳарбий тўнтариш содир бўлган Нигерга қўшин юбориш ҳақидаги илтимосини қондирмади.
Нигерия Сенати раисининг баёнотига кўра, Нигердаги сиёсий вазият ҳарбий аралашув билан эмас, сиёсий йўллар билан ҳал қилиниши керак.
30 июль куни Ғарбий Африка Иқтисодий Ҳамжамияти (ECOWAS) раҳбарлари Нигер хунтасига мамлакатда конституциявий тартибни тиклаш учун 15 кун муҳлат берди. Талаблар бажарилмаган тақдирда ташкилотга аъзо давлатлар Нигерга ҳарбий интервенция бошлашга ваъда бермоқда.
Нигерда давлат тўнтариши 27 июлда бошланган. Генерал-полковник Абдураҳмон Тчиани бошчилигидаги бир гуруҳ ҳарбийлар президент Базумни ҳокимиятдан четлатишди. ECOWAS раҳбарлари Нигерга қарши зудлик билан санкциялар киритди ва бу мамлакат билан барча иқтисодий ва молиявий операцияларни тўхтатди.