Фото: Бокс федерацияси матбуот хизмати Белград шаҳри мезбонлигида ўтаётган бокс бўйича Жаҳон чемпионатининг 2 ноябрь кунги баҳслари бўлиб ўтмоқда. -75 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Саиджамшид Жаъфаров 1/4 финалда таиландлик Випарон Жонгжохога қарши рингга кўтарилди. Саиджамшид икки раундда устунликка эришганди. Якунда эса ҳакамлар 3:2 ҳисобида таиландлик боксчига ғалабани бериб юборди. Саиджамшид Жаъфаров аввалги босқичларда словакиялик Лукас Фернэтса, япониялик Юито Мариваки ва озарбайжонлик Миршариф Казимзаде устидан ғалаба қозониб, 1/4 финалга чиққан эди. 2 ноябрь куни яна уч нафар ўзбекистонлик боксчи ўз жангини ўтказади. +92 кг: Лазизбек Муллажонов — Давид Чалоян (Арманистон) – 20:15 дан сўнг; -63,5 кг: Мужибилло Турсунов — Энди Круз (Куба) – 22:55 дан кейин; -92 кг: Мадиёр Саидраҳимов — Льюис Уильямс (Англия) – 00:40 дан сўнг. Аввал Ҳасанбой Дўстматов, Шоҳжаҳон Абдуллаев, Миразизбек Мирзахалилов, Шаҳрам Ғиёсов, Шаҳобиддин Зоиров, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Одилжон Аслонов ва Нодиржон Мирзаҳмедов каби ўзбекистонлик боксчилар Жаҳон чемпионатини тарк этганди.