Хаби Алонсо ҳакам қарорларига қаттиқ эътироз билдирди
Ла Лиганинг 15-тури доирасида «Реал» ўз майдонида «Селта»ни қабул қилди ва кутилмаган мағлубиятга учради. Учрашувдан сўнг мадридликлар бош мураббийи Хаби Алонсо ҳакамлар фаолияти ҳақида қаттиқ норозилигини билдириб ўтди.
Алонсонинг таъкидлашича, баҳс давомида бош ҳакам бир неча муҳим вазиятларга эътибор қаратмаган ва ўйин тартибини тўғри бошқармаган.
«Ҳакамнинг бир қатор қарорлари мутлақо кўнглимга ёқмади. Айниқса, вақтни чўзиш ҳолатларига умуман реакция қилмагани мени ҳайрон қолдирди. У ўйин темпини назорат қила олмади, баъзи вазиятларда эса жуда эҳтиётсиз йўл тутди.
Каррераснинг майдондан четлатилиши ҳам жуда баҳсли — бу қарор жамоамизнинг ритмига жиддий таъсир қилди. Очиғи, бугунги ҳакамлик сифати кутганимдан анча паст бўлди», — деди мураббий.
Мусобақа давомида «Реал» таркибида вазият янада қийинлашди: иккинчи тайм бошланиши билан Фран Гарсия бир дақиқа ичида кетма-кет икки огоҳлантириш олиб, майдонни тарк этди. Ортидан эса Алваро Каррерас тортишув пайтида олган сариқ ва қизил карточкалари билан жамоани янада камайтирди.
Шу тариқа, мадридликлар ўзига хос мураккаб кечган ўйинда 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди ва турда очко йўқотишга мажбур бўлди.