«Монако» сўнгги етти ўйиннинг олтинчисида мағлуб бўлди
Шанба куни Лига 1 доирасида «Монако» ўз майдонида «Лион»ни қабул қилди ва навбатдаги омадсиз учрашувни ўтказиб, 1:3 ҳисобида ютқазди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Биринчи бўлим ўрталарида «Лион» хавфли ҳужум уюштирди: Афонсу Морейра жарима майдончасининг чап томонидан пастдан зарба берди, бироқ дарвозабон тўпни осонлик билан эгаллади. 38-дақиқада меҳмонлар чап қанотдан бурчак тўпини узатди, Николас Тальяфико узоқ устунга йўналтирди, Павел Шулш оёқ қўйиб, яқин бурчакни аниқ нишонга олди — 0:1. 45-дақиқада эса «Монако» тез жавоб қайтарди: вазиятлар занжирида Мамаду Кулибали бўш дарвозага пастдан йўллаб, ҳисобни тенглаштирди — 1:1.
Иккинчи бўлим бошида Тило Керер бурчакдан узатилган тўпни бош билан дарвозага жойлади, аммо ҳужумдаги қоида бузилиши сабаб гол бекор қилинди. 57-дақиқада Кассум Уаттара ўз ярим майдонида тўпни йўқотди ва «Лион» бундан унумли фойдаланди: Шулш жарима майдончаси ташқарисидан чап бурчакка аниқ зарба йўллаб, дублини расмийлаштирди — 1:2.
70-дақиқада «Монако» янада қийин аҳволга тушиб қолди: Кулибали Тальяфикога нисбатан хавфли ҳаракат қилгани учун тўғридан-тўғри қизил карточка олди. Орадан кўп ўтмай Морейра чап қанотдан Тальяфикога пас узатди, у эса Абнер Винисиусга оширди — Абнер зарба учун тўпни қулайлаб олиб, якуний нуқтани қўйди — 1:3.
Ғалабадан сўнг «Лион» турнир жадвалида соф 5-ўринда бормоқда. «Монако» эса навбатдаги мағлубиятдан кейин 9-ўринга тушиб кетди. Александр Головин майдонда 76 дақиқа ҳаракат қилди.