Мадуэке «Арсенал» ғалабасидан сўнг Габриэлни мақтади
Лондоннинг «Арсенал» қанот ҳужумчиси Нони Мадуэке «Борнмут»га қарши баҳсда Габриэл дос Сантоснинг ўйинига алоҳида тўхталди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Учрашув бошида бразилиялик марказий ҳимоячи қўпол хатога йўл қўйиб, рақибга гол совға қилди. Бироқ Габриэл тезда ўзини оқлади: ҳужумга қўшилиб, ҳисобни тенглаштирган голни урди. Якунда «канонирлар» 3:2 ҳисобида зафар қучди.
«Габриэлга ҳаққини бериш керак — ўша хато уни синдирмади. Бундай ҳолат ҳамманинг бошидан ўтади, айниқса юқори даражада. У эпизодни ҳақиқий ҳужумчидек якунлади, гол ургани учун жуда хурсандман. Габриэл жуда яхши», — дея Мадуэкенинг сўзларини журналист Коннор Ҳамм келтирди.
Жорий АПЛ мавсумида Габриэл дос Сантос ҳисобида 3 та гол ва 2 та голли узатма бор.