«Бавария» Упамекано билан янги шартномада келиша олмаяпти
Мюнхеннинг «Бавария» клуби марказий ҳимоячи Дайо Упамекано билан янги шартнома бўйича ҳали ҳам муросага кела олмаяпти. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Sky Sports хабарига кўра, яқинда клуб раҳбарияти ва француз футболчисининг агентлари навбатдаги учрашувни ўтказган, бироқ музокараларда сезиларли силжиш бўлмаган. Бугунги матбуот анжуманида Упамекано ҳам амалдаги келишуви атрофидаги вазиятга тўхталди.
«Тафсилотларга киришни истамайман. «Бавария» билан музокара олиб боряпман. Айтишим мумкин бўлган ягона нарса шу», — деди француз ҳимоячиси.
Упамеканонинг «Бавария» билан амалдаги шартномаси 2026 йил 30 июнгача мўлжалланган. Шу боис у ёзги трансфер бўйича бошқа клублар билан ҳам эркин музокара олиб бориш ҳуқуқига эга. Жорий мавсумда ҳимоячи 21 ўйинда майдонга тушиб, 1 гол урди. Transfermarkt портали футболчининг бозор қийматини 70 миллион еврога баҳоламоқда.