Аморим “МЮ”дан кетди: Флетчер “Бёрнли”гача жамоани вақтинча бошқаради
“Манчестер Юнайтед” расман Рубен Аморим билан хайрлашганини маълум қилди. Клуб баёнотига кўра, португалиялик мутахассис жамоа бош мураббийи лавозимини тарк этган.
Баёнотда қайд этилишича, Рубен 2024 йил ноябрь ойида тайинланган ва май ойида жамоани Бильбаода бўлиб ўтган УЕФА Европа Лигаси финалига олиб чиққан.
Клуб раҳбарияти қарорни Премьер-лигадаги жорий ҳолат билан изоҳлаган: “Манчестер Юнайтед” чемпионатда олтинчи ўринда тургани сабаб, раҳбарият мураккаб танловга келган ва ўзгариш қилиш вақти келганини билдирган. Уларнинг фикрича, бу қадам жамоага Премьер-лигада имкони борича юқорироқ ўринни эгаллаш учун яхшироқ имконият яратади.
Шу билан бирга, клуб Аморимга қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдириб, келгуси фаолиятида омад тилаган. Кейинги ўйинга келсак, баёнотга мувофиқ, чоршанба куни “Бёрнли”га қарши баҳсда жамоани Даррен Флетчер бошқаради.