2025 йилда энг кўп мукофот пули олган шахматчилар ўнталиги
Ўзбекистонлик гроссмейстерлар Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдаров 2025 йил якунлари бўйича мукофот пуллари миқдорига кўра дунёнинг энг кўп даромад қилган шахматчилари топ-10 талигидан жой олди. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Рейтингда Абдусатторов 9-ўринни эгаллади: у 16 та йирик халқаро турнирда иштирок этиб, жами 361,8 минг доллар мукофот пули ишлаб олди. Унинг йил давомида бир турнирдан олган энг катта ютуғи 85 минг долларни ташкил этди.
FIDE Жаҳон кубоги ғолиби Жавоҳир Синдаров эса 10-поғонага жойлашди. Гроссмейстер 11 та турнир натижаларига кўра 349,9 минг доллар мукофот пули қўлга киритган, бир старт учун энг йирик гонорари 120 минг доллар бўлган.
Рўйхатнинг юқори қисмида Магнус Карлсен қайд этилди: норвегиялик шахматчи 16 та турнирда ўйнаб, 1,46 млн доллар даромад қилган ва мукофот пуллари 1 млн доллардан ошган ягона шахматчи бўлиб қолган. Иккинчи ўринни Фабиано Каруана (889,6 минг доллар), учинчи ўринни Левон Аронян (751,9 минг доллар), тўртинчи ўринни эса Ҳикару Накамура (588,9 минг доллар) эгаллади.