Гвардиола «Манчестер Сити»даги жароҳатлар сабабини очиқлади
«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола жамоада жароҳатлар кўпайиб кетгани ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
«Шаҳарликлар» 2026 йилни кутилганидек бошлай олмади: Гвардиола жамоаси кубок баҳсларида икки учрашувда ғалаба қозонган бўлса-да, Премьер-лига ва Чемпионлар лигасида ҳозирча ютуққа эриша олмади — уч дуранг ва икки мағлубият. Натижалардаги пасайишга жароҳатлар сабабли бир қатор футболчиларнинг сафдан чиққанлиги ҳам таъсир қилмоқда.
Мураббий муаммонинг илдизини ўйинлар сони ҳаддан ташқари кўплигида кўрди. «Ўтган мавсум бундай ҳолатга ноябрдаёқ дуч келгандик, бу сафар эса январда такрорланди. Сабаб нима? Ўйинлар сони. Бизда аъло шифокорлар, энг яхши физиотерапевтлар бор — улар суткасига 24 соат ишлайди. Аммо асосий омил — жуда кўп учрашувлар. Бу фақат бизда эмас, бошқа клубларда ҳам шундай», — дея Гвардиоланинг сўзларини City Xtra келтирди.
Шанба куни «Манчестер Сити» АПЛдаги омадсиз серияни тўхтатиш учун уй майдонида «Вулверҳемптон»га қарши майдонга тушади.