«РБ Лейпциг» асосий дарвозабони Гулачини бир муддатга йўқотди
Германиянинг «РБ Лейпциг» клуби камида бир ярим ой давомида жамоанинг асосий дарвозабони Петер Гулачисиз қолади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълум қилди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Венгриялик посбон «букалар»нинг «Вольфсбург»га қарши уй учрашувида жароҳат олган. У биринчи бўлимдаёқ майдонни тарк этишга мажбур бўлган.
Яхши томони шундаки, Гулачига жарроҳлик амалиёти керак эмас. Шифокорлар унинг чап тиззасидаги медиал коллатерал боғлам йиртилганини аниқлаган. Дарвозабон жорий мавсумда 22 расмий ўйинда майдонга тушиб, уларнинг 10 тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган.
«РБ Лейпциг» Бундеслигада ҳозирда 40 очко билан турнир жадвалининг бешинчи поғонасида бормоқда.