Роналду «Ал-Наср» мураббийидан уни эҳтиёт қилишни сўради
«Ал-Наср» ҳужумчиси Криштиану Роналду жамоада фақат энг муҳим учрашувларда майдонга тушишга тайёр. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
365Scores Arabic хабарига кўра, 41 ёшли футболчи бош мураббий Жорже Жезушдан ОФК Чемпионлар Лигаси ўйинларида ҳал қилувчи босқичлар бошлангунча уни имкони қадар камроқ ишлатишни сўраган. Роналду ортиқча юкламадан қочиб, асосий баҳсларга ҳамда мундиалга максимал тайёргарлик билан, оптимал спорт формасида етиб боришни истамоқда.
Жорий мавсумда Роналду «Ал-Наср» сафида 23 ўйинда 19 та гол урди. Португалиялик юлдуз Саудия Арабистони чемпионатининг энг яхши тўпурарлар рўйхатида Айвен Тонидан кейин иккинчи ўринда бормоқда.