Брест Марселни муаммосиз енгиб, муҳим уч очкони олди
Франция чемпионатида "Марсел" топ-3 пойгасидан янада узоқлашиб кетиш хавфи остида қолди. Сафарда "Брест"га қарши ўйинда "оқ-кўклар" яна ишончсиз кўринди ва омадсиз сериясини давом эттирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Учрашувнинг 10-дақиқасидаёқ ҳисоб очилди: "Брест" ҳужуми якунида Людовик Ажорк аниқ зарба билан мезбонларни олдинга олиб чиқди — 1:0. Орадан беш дақиқа ўтиб Ажорк яна бир бор хавфли вазиятга чиқди, бироқ бу сафар тўп дарвоза устунига яқин жойдан ўтиб кетди. 29-дақиқада эса Уго Маньеттининг узатмасидан сўнг Ажорк бош билан гол уриб, дубл қайд этди — 2:0. Кейинги дақиқаларда мезбонлар яна босимни кучайтириб, Жуниор Диас бурчакка йўллаган зарбаси билан хавф туғдирди, Ажорк эса бир эпизодда тўпни тўсинга текизди.
Иккинчи бўлим ўрталарига келибгина "Марсел"нинг илк жиддий имконияти юзага келди: Пьер-Эмерик Обамеянг қулай вазиятда зарба берди, аммо нишонни тополмади. Ўйин сўнгида Мейсон Гринвуд жарима майдонида йиқитилди ва ҳакам пенальти белгилади. 11 метрлик зарбани Гринвуднинг ўзи ижро этди, бироқ дарвозабон унинг уринишини қайтарди.
Натижада "Брест" 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, турнир жадвалида 10-ўринга кўтарилди. "Марсел" эса 4-поғонада қолди.