«Атлетико» Гризманнинг кетиши ҳақидаги гапларни рад этди
Мадриднинг «Атлетико» клубида Антуан Гризманнинг келажаги борасидаги миш-мишларга муносабат билдирилди. Клуб спорт директори Матеу Алемани ҳужумчи атрофидаги хабарларни изоҳлаб, уларнинг асоссиз эканини таъкидлади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Аввалроқ ОАВда 34 ёшли франсуз футболчиси MLSдаги «Орландо Сити» клубига яқин экани ҳақида маълумотлар тарқалганди.
Алеманининг айтишича, бу гаплар оддий спекуляция, холос. «Антуаннинг олдинда яна икки мавсуми бор, у олдидаги вазифаларга тўлиқ эътибор қаратган, унинг ўйини ҳам жуда яхши», — дея келтиради Goal нашри.
Жорий мавсумда Гризман барча мусобақаларда «матрасчилар» сафида 36 учрашувда майдонга тушиб, 12 та гол урди ва 2 та голли пас берди. Ҳужумчининг «Атлетико» билан шартномаси 2027 йил июнигача амал қилади.