Карпин ўртоқлик ўйинларида натижага ёпишмасликка чақирди
Россия терма жамоаси бош мураббийи Валерий Карпин Мали ва Никарагуа терма жамоаларига қарши бўладиган ўртоқлик учрашувлари олдидан фикр билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Мутахассиснинг таъкидлашича, бу баҳсларда энг муҳими натижа эмас. Карпин терма жамоага ишонч билдирилаётган ва мураббийлар штаби кўришни истаётган футболчиларнинг барчасини чақиришни режалаштирмоқда. Унинг сўзларига кўра, кутилмаган ҳолатлар бўлмаса, ҳамма йиғинга етиб келади.
Россия — Никарагуа учрашуви 27 март куни Краснодардаги стадионда бўлиб ўтади. Мали билан ўйин эса 31 март куни Санкт-Петербургда ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, Россия терма жамоаси FIFA ва UEFA қарорига кўра халқаро мусобақалардан четлаштирилган.