Александр Головин «Монако» сафида навбатдаги ассистни қайд этди
Россиялик ярим ҳимоячи Александр Головин «Монако» сафида Франция чемпионатининг 24-турида «Анже»га қарши учрашувда самарали ҳаракат қилди. Баҳс 2:0 ҳисобида моноколикларнинг ғалабаси билан якунланди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ўйиннинг 57-дақиқасида Головиннинг зарбасидан кейин дарвозабон тўпни қайтарди, бироқ ҳужум давом этди ва Балогун гол уриб, ҳисобни очди. Орадан беш дақиқа ўтиб, Головин ассист муаллифига айланди: у жарима майдони бурчаги томонга Симон Адинграга узатма берди, Адингра эса марказга силжиб, аниқ айланма зарба билан тўпни дарвозага жойлади.
Қайд этиш жоиз, Головин «Монако»даги фаолиятида илк бор барча мусобақаларда кетма-кет уч ўйинда голга узатма берди. Клуб чемпионатда 37 очко билан 7-ўринда бормоқда.