ОФК Осиё Чемпионлар Лигаси ўйинларини БАА ва Қатарда қолдирди
Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) минтақавий Осиё Чемпионлар Лигаси доирасида Абу-Даби, Дубай ва Доҳада ўтказилиши керак бўлган учрашувлар бошқа вақтга кўчирилганини маълум қилди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Қарорга Эрон, АҚШ ва Исроил ўртасидаги ҳарбий кескинлик сабаб бўлди. Хабарда айтилишича, Эрон томонидан учирилаётган снарядлар қўшни давлатлар ҳудудига ҳам етиб бормоқда, у ерда АҚШ ҳарбий базалари жойлашган.
ОФК баёнотида ташкилот вазиятни диққат билан кузатиб бориши ва футболчилар, жамоалар, расмийлар ҳамда мухлислар хавфсизлигини таъминлаш масаласида қатъий позицияда қолиши таъкидланди.
Ўйинлар 2–3 март кунлари ўтказилиши кўзда тутилганди. Ҳозирча учрашувларнинг янги санаси ёки ўтказиладиган жойи эълон қилинмади.