Холанд қайси ҳужумчилардан ўрнак олганини маълум қилди
«Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд ўзининг шаклланишига ва футболчи сифатида ўсишига катта таъсир кўрсатган юлдузлар ҳақида гапириб берди. Норвегиялик тўпурар ёшлигида айнан кимларнинг ўйинини кузатиб, улардан маҳорат ўрганганини яширмади.
Холанднинг сўзларига кўра, у Златан Ибрагимовичнинг ўйин услубини, «Манчестер Сити» сафида порлаган Серхио Агуэрони ҳаракатларини диққат билан кузатган. Шунингдек, «Арсенал» сафида ажойиб мавсум ўтказган Робин ван Персининг чап оёқдаги кучли зарбалари унга катта таассурот қолдирган. Бундан ташқари, у «Лестер» ҳужумчиси Жейми Вардининг тезкорлигини алоҳида эътироф этди.
Ҳозирги кунда ўз ўйинини такомиллаштиришда давом этаётган юлдуз ҳужумчи майдондаги вазифаларига ҳам тўхталди. Унинг таъкидлашича, ҳимоячилар ортига югуриш ва бўш ҳудудлар яратиш унинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу ҳаракатлар нафақат ўзига, балки жамоадоши Фил Фоден учун ҳам қулай имкониятлар яратишга хизмат қилади.