Англиялик эксперт Ҳусановни "иссиқ" баҳолади: мураббийлар учун орзу...
Англия кубогининг 1/8 финал босқичида “Манчестер Сити” сафарда “Ньюкасл”ни мағлуб этиб, кейинги босқичга йўл олди. Ушбу баҳсда ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибда майдонга тушиб, тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди ва ҳимоядаги ишончли ўйини билан яна бир бор эътибор марказида бўлди.
Учрашувдан кейин англиялик мутахассислар ва экспертлар Ҳусанов ҳақида ижобий фикрлар билдиришни бошлади. Хусусан, собиқ футболчи Рой Кин ўзбекистонлик ҳимоячини жуда қисқа, лекин ўта аниқ таърифлади:
“Ҳусанов мураббийлар учун орзу. Унда кибр йўқ, камера учун ўйнамайди.”
Бу гапнинг тагида катта маъно бор: Рой Кин каби қаттиққўл ва талабчан эксперт ҳар кимни ҳам бундай “иссиқ” баҳоламайди. Унга кўра, Ҳусанов майдонда ўзини кўрсатиш учун шоу қилмайди, бошини паст қилиб ишлайди, вазифасини аниқ бажаради ва энг муҳими — жамоа манфаатини биринчи ўринга қўяди. Бундай характер ҳимоячи учун айниқса қиммат, чунки мудофаа чизиғида ҳар бир хато жуда қимматга тушади.
Маълумот ўрнида, “шаҳарликлар”нинг навбатдаги беллашуви янада катта саҳнада бўлади: Чемпионлар лигаси доирасида “Манчестер Сити” “Реал Мадрид”га қарши майдонга тушади. Ана ўша ўйин эса Ҳусанов учун яна бир имтиҳон: “Ньюкасл” сафаридан кейин энди Европа футболидаги энг оғир рақиблардан бирига қарши ўйнаш — ҳақиқий статус текшируви бўлади.