Ҳусанов Роналдуга қиёсланди: Ўзбекистон умидлари унга боғланди
Жаҳон футболида ўз ўрнини топаётган ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор халқаро оммавий ахборот воситалари диққат марказига тушди. Бу сафар нуфузли The Athletic нашри унинг ўйини ва таъсири ҳақида алоҳида мақола эълон қилди.
Нашрда қайд этилишича, Абдуқодир Ҳусанов нафақат майдондаги ҳаракатлари, балки оммавий машҳурлиги жиҳатидан ҳам афсонавий Криштиану Роналду билан таққосланмоқда. Муаллифлар фикрича, Тошкентда деярли ҳар ким Ҳусановни танийди — одамлар уни футболга қизиқса-қизиқмаса ҳам, унинг сурати катта реклама баннерларида намоён бўлади, шахсий ҳаёти эса доимий равишда янгиликларда ёритилади.
Мақолада айтилишича, ёш бўлишига қарамай, Абдуқодир Ҳусанов бугунги кунда Ўзбекистон футболининг асосий символларидан бирига айланиб улгурган. Айниқса, 2026 йилги жаҳон чемпионати олдидан мухлислар ва мутахассислар унга катта ишонч билдирмоқда.
«Абдуқодир Ҳусанов — Криштиану Роналдунинг ўзбекча аналоги. Пойтахт Тошкентда, The Athletic ким билан мулоқотда бўлмасин, Ҳусановни танийди ва улар футболга қизиқиши, уни кузатиб бориши муҳим эмас. Унинг юзини улкан реклама тахталарида кўришингиз мумкин, шахсий ҳаётидаги воқеалар эса миллий янгиликларда пайдо бўлади. Жаҳон чемпионатидаги барча умидлар ҳам «Манчестер Сити»нинг 22 ёшли марказий ҳимоячиси зиммасига тушмоқда», – деб ёзади The Athletic.
Эслатиб ўтамиз, «Манчестер Сити» сафида тўп сураётган 22 ёшли марказий ҳимоячи ушбу мавсум барча мусобақаларни ҳисобга олганда 29 та учрашувда майдонга тушди. Гарчи ҳали гол ёки ассист каби самарали ҳаракатлар қайд этмаган бўлса-да, унинг ҳимоядаги барқарор ўйини юқори баҳоланмоқда.
Яқинлашиб келаётган жаҳон чемпионатида эса Ўзбекистон миллий жамоаси илк бор иштирок этади. АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қиладиган ушбу нуфузли турнирда жамоамиз Португалия, Колумбия ва Конго ДР каби кучли рақибларга қарши баҳс олиб боради.
Шу жиҳатдан қараганда, Абдуқодир Ҳусанов нафақат ҳимоя чизиғининг таянчи, балки бутун мамлакат орзу-умидлари жамланган асосий фигурага айланиб бормоқда. Энди ҳаммаси унинг майдондаги ишончли ўйини ва босимни қандай қабул қилишида. Бир сўз билан айтганда — spotlight ёқилди, энди шоу бошланади.