Руй Боржеш: «Спортинг» ғалабага яқин эди, аммо омад етишмади
Лиссабоннинг “Спортинг” клуби бош мураббийи Руй Боржеш Чемпионлар лигаси чоракфинали доирасида Лондоннинг “Арсенал” жамоасига қарши кечган баҳсдаги мағлубият (0:1) ҳақида ўз муносабатини билдирди.
Мутахассиснинг фикрича, учрашув кўп жиҳатдан тенг ва курашларга бой ўтган. Айниқса, тўпга эгалик қилиш борасида ҳам жамоалар деярли бир хил кўрсаткич қайд этган. Бироқ Боржеш таъкидлаганидек, “Спортинг”нинг ҳужумлари анча хавфли ва голга яқин бўлган.
Унинг сўзларига кўра, жамоа майдонда ўйинни назорат қилишга муваффақ бўлган ва футболчиларнинг ҳаракатидан у мамнун. Бутун учрашув давомида “Спортинг” бир неча бор гол уришга яқин келган, аммо ҳал қилувчи зарбаларда омад етмаган.
"Кўп жиҳатдан, ҳаттоки тўпга эгалик қилиш бўйича ҳам, деярли тенг ўйин бўлди. Бизнинг ҳужумлар хавфлироқ, голга яқинроқ эди. Биз ўйинни назорат қилдик. Тўғрисини айтсам, майдонда кўрсатган ўйинимиз учун футболчиларимдан хурсандман", - деди Боржеш.
Боржеш рақибнинг имкониятлари кам бўлганини ҳам таъкидлаб ўтди. У фақат ҳисобга олинмаган гол эпизодини истисно сифатида келтирди. Мураббийнинг фикрича, жамоа рақиб жарима майдончасида янада қатъий ва ишончли ҳаракат қилганда, натижа бошқача бўлиши мумкин эди.
"92 дақиқа давомида биз уч ёки тўртта яққол имкониятга эга бўлдик. Уларда — ҳисобланмаган голни айтмасак, бирорта ҳам йўқ. Шунчаки рақиб дарвозаси олдида бироз дадилроқ ҳаракат қилишимиз зарур эди", - деди Боржеш.
Шу билан бирга, у бу мағлубиятни футболнинг табиий қисми сифатида қабул қилиш кераклигини айтди. Мураббий жамоа ижобий натижага эришиш учун ишлашда давом этишини ва жавоб баҳсида вазиятни ўзгартириш имконияти борлигини таъкидлади.
"Бу футбол. Ижобий якунга умид қилиб, ишлашда давом этамиз", - деди Боржеш дея унинг сўзларидан иқтибос келтирди УЕФА расмий сайти.
Маълумот учун, “Арсенал” ва “Спортинг” ўртасидаги жавоб учрашуви 15 апрель куни Лондондаги “Эмирейтс” стадионида бўлиб ўтади. Бу баҳсда қайси жамоа ярим финалга йўл олиши ҳал бўлади.