Фарғонада икки шахс фуқарони «танишлари» орқали қамоқдан чиқариб бериш учун 10 000 доллар талаб қилди
Жорий йилнинг 5 октябрь куни фуқаро Д.Қ (муқаддам судланган) ҳамда М.Ж.лар олдиндан тил бириктириб, фуқаро Д.Э.нинг тергов органи томонидан айбланиб, қамоққа олинган таниши Т.Р.ни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишловчи мансабдор шахслар орқали қамоқдан чиқариб, жиноят ишини ижобий хал қилиб беришлари эвазига ундан 10.000 АҚШ доллари талаб қилишган.
Вилоят ИИБ хабарига кўра, фуқаронинг аризаси асосида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида юқоридаги шахслар Қўқон шаҳар, Туркистон кўчасида аризачидан 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Қайд этилишича, шунингдек, муқаддам судланган фуқаро Д.Қ. 3 нафар фуқаролардан жарима майдонидаги автомашинани чиқариш, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериш ва бошқа ҳаракатлар учун ҳам пул олганлиги юзасидан аризалар келиб тушган.
«Мазкур ҳолат юзасидан Д.Қ ва М.Ж.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 3-қисми «а» банди ва 28, 211-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.