Андижондаги хусусий асфалт ширкатлари вилоят ҳокими уларни Жалақудуқ туманидаги ҳарбий қисмга асфалт етказишга мажбурлаганини айтишмоқда. Ширкат эгаларидан бирининг Озодликка айтишича, вилоят ҳокими уларни 12 сентябр куни тўплаб, ҳар бирига 200 тоннадан асфалтни ҳарбий қисмга жўнатишни тайинлаган, транспорт ҳаражатини ҳам улар зиммасига юклаган. Ҳокимлик мулозими Озодликка, асфалт ширкатларидан ёрдам сўралганининг сабаби вилоятдаги қурилишлар учун бюджетдан ажратиладиган маблағ етмай қолганлигида эканини айтди.