Туркманистондаги парламент сайловида Бердимуҳамедовнинг ўғли қатнашмоқда
Туркманистонда ўтаётган парламент сайловида уч партия аъзолари ҳамда айрим мустақил номзодлар қатнашмоқда.
Номзодларнинг бири президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг 36 яшар ўғли Сердар Бердимуҳамедовдир.
Расмий маълумотга кўра, маҳаллий вақт билан эрталабки соат 9 00 гача, яъни сайловнинг дастлабки икки соати ичида сайловчиларнинг тўртдан бири овоз бериб бўлган.
Сайловчилар участкаларда миллий мусиқа, рақслар ҳамда ноз-неъматлар билан кутиб олинди.
Сайловда 125 ўрин учун 284 номзод курашмоқда. Ахал вилоятидаги ўрин учун курашаётган Сердар Бердимуҳамедовнинг осонгина ғалаба қозониши кутилмоқда. Сердар Бердимуҳамдов парламентга келишидан аввал давлат нефть ва газ саноати соҳаси ҳамда Ташқи ишлар вазирлигида ишлаган.
Жорий президент Гурбангули Бердимуҳамедов февраль ойида ўтказилган сайловда 97 фоиз овоз тўплаб, учинчи марта президент этиб сайланди.
6 миллион аҳолига эга Туркманистон табиий газ экспортига қарамдир. Мамлакатнинг узоқ йиллик мижози бўлмиш Россия 2016 йилда туркман газини сотиб олишни тўхтатди. Хитой эса янги қувур ётқизиб, туркман газининг учун асосий импортчисига айланди.