Ўзбекистон Республикаси Президенти АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосарини қабул қилди
Томас Шэннон “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференциясида иштирок этиш учун мамлакатимизга келди.
Учрашувда Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистон ва АҚШ афғон можаросини тинч сиёсий йўл билан ҳал этиш бўйича жараённи тез фурсатда бошлаш тарафдори экани таъкидланди.
Афғонистон ҳукуматининг мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш, минтақавий иқтисодий ҳамкорлик жараёнларига қўшилиш бўйича саъй-ҳаракатларини икки томон ҳам қўллаб-қувватлаши қайд этилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон бўйича Тошкент конференциясини ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни қўллаб-қувватлагани ва унинг ишида АҚШнинг нуфузли делегацияси иштирок этаётгани учун Президент Дональд Трампга миннатдорлик билдирди.
Томас Шэннон мазкур муҳим халқаро тадбирнинг ўз вақтида ўтказилаётгани ва долзарблиги алоҳида таъкидлади. У мамлакатимизда давлат бошқаруви, фуқаролик жамияти ва иқтисодиёт соҳаларида янги босқичда амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади.
Ўз мамлакати раҳбарияти номидан АҚШ давлатларимиз ўртасидаги икки томонлама кенг кўламли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва стратегик шерикликни мустаҳкамлашга тайёр эканини таъкидлади.