БИЛАСИЗМИ…
БОШСИЗ ТАНА ТИК ОЁҚДА ҲАРАКАТЛАНА ОЛАДИ… МИ?
(Асаби бўшлар ўқимасин)
Олимлар инсон организмини ўрганиш жараёнида руҳнинг нималарга қодирлиги хусусида ҳеч қачон шубҳага ўрин қолдиришмаган. Уларнинг фикрича, руҳ танани бошсиз ҳам маълум муддат бошқариш имконига эга экан.
Демак, худди шу масалада тарихий маълумотларга назар ташлаймиз.
1336 йили қирол Людвиг Баварский дворянин Диц фон Шаунбург ва унинг тўрт нафар дўстини давлатга қарши қўзғолон уюштиришда айблаб қатл этиш ҳақида фармон берди. Барчаларининг боши танасидан жудо қилиниши лозим эди. Барча ҳозирликлар охирига етгач, анъанага кўра қирол Дицдан сўнгги истаги нелигини сўради. Диц айтдики, агар боши танадан жудо қилингач, тўрт дўстининг ёнидан югуриб ўта олса, уларни авф этиши лозим. Бунинг учун тўрт дўсти бир-биридан 8 метр масофа узоқликка жойлаштирилади. Диц боши кесилгани ҳамоно бехато уларнинг ёнидан югуриб ўтиши зарур эди. Қирол кула-кула рози бўлди. Негаки, бошсиз тананинг тик оёқда туриши, яна югуриб ўтишини етти ухлаб тушида кўрмаганди.
Диц тўрт шеригини 8 метрдан узоқликка жойлаштириб чиқди. Шарт бўйича бошсиз танаси қай бирининг ёнигача югуриб кела олса, ўша ва ортда қолганлари авф этилиши талаб этиларди. Ниҳоят фурсат етди. Диц бошини кундага қўйди. Жаллод унинг бошини танадан жудо ҳам этди. Ана шунда афсонавий ҳодиса намоён бўлди. Боши ерга думалаб тушгандаёқ тана даст ўрнидан турди-ю, сира адашмасдан тўрт маҳкум ёнидан югуриб ўта бошлади. Тўртовининг ёнидан югуриб ўтиш учун тана 32 метр йўл босиши керак эди. Ҳақиқатан, дворяниннинг руҳи танасига ёрдам берди. У охирги маҳкумнинг ёнидан югуриб ўтди-ю, ерга қулади.
Қирол бундай бўлишини сира кутмаганди. Ҳайратдан оғзини ланг очганча қолганди. Бироқ сўзида турди. Тўртала маҳкумни ҳам авф этди.