БОЛА ЎЛДИРИШНИНГ АМЕРИКАЧА УСУЛИ… (ёхуд қотилликни оилавий анъанага айлантирганлар)
Американинг Миннисота штатида кўз кўриб қулоқ эшитмаган ҳодиса содир бўлди. Олмсед округида яшовчи 58 ёшли Синтия Гранд куппа-кундузи ёлғиз ўғлини атайин, қасддан автомобилида босиб ўтиб кетди. Оқибатда ўғли бош ва тоз қисмидан оғир жароҳат олди. Аёл эса қамалди.
Синтия Гранднинг гапига қараганда, ўғли пиёниста экан. Куни билан ичгани-ичган. Кўп маротаба насиҳат қилишган, маслаҳат беришган. Фойдаси бўлмаган. Барибир ичиб келиб тўполон кўтараверган. Охирги марта шундай жанжаллардан сўнг Синтиянинг жонига теккан. Ўғлига агар ичишни бас қилмаса, ҳақоратлашдан тийилмаса, машинасида босиб ўтиб кетишини, шу йўл билан ҳаётига нуқта қўйишини айтган. Ўғли эса «Қўлингдан келмайди. Қани, мард бўлсанг, босиб ўтиб кет-чи!», деб туриб олган. Жаҳл отига минган Синтия автомобилига ўтирган-у, ёлғиз фарзандини босиб ўтиб кетган…
Суриштирувлар натижасида шу нарса маълум бўлдики, Синтиянинг синглиси Лоис Рисс серияли қотилликда айбланиб, аниғроғи, эрини шафқатсизларча ўлдириб, ўзи ҳам суд томонидан ўлимга маҳкум этилган. Демак, бу Синтия учун оилавий анъана экан. У ҳам қасддан одам ўлдиришга қўл уришда айбланиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилиши тайин.
Астағфирилло!