Добавить новость
World News in Uzbek
Новости сегодня

Новости от TheMoneytizer

ШАЙТАНАТ… (27-қисм. Биринчи китоб)

* * *

 

— Менинг умрим қамоқда ўтган, — деди у дабдурустдан. — Шу сабабли сен билан пачакилашиб ўтирмайман. Тўғрисини айтмасанг, ичагингни бошингга салла қилиб ўраб кетаман. Милтиқни сенга ким берди?

— Ўзим олдим. Уйда турган эди.

— Нимага отдинг?

— Қувлаб келишди.

— Терговчига шундай дедингми?

— Ҳа.

— Мен терговчи эмасман. Менга тўғрисини айтишинг керак, тушундингми?

— Тўғрисини…

Йигит қорнига мушт тушиб, букчайиб қолди. Зелихон кекирдагидан чимчилаб, уни қаддини ростлашга мажбур этди.

— Наша чекасанми?

— Йўқ.

— Нашани кимдан олдинг ўша куни?

— Чекмайман, дедим-ку?

Зелихон унинг қорнига яна бир мушт урди. Букчайган қаддини бу сафар ростламади.

— Ким берди, Селимми?

Йигит оғриқ зўридан ингради, аммо жавоб бермади. Зелихон уни қулоғидан чўзиб, бошини кўтарди. Йигит қўрқиб кўзини олиб қочди. Зелихон икки бармоғини омбур қилиб унинг кекирдагини қим- чиди.

— Селим бердими?

— Ҳа… — йигит шундай деб ўқчиб юборди.

Зелихон боплаб бир тепсамми, деб хезланди-ю, «буни ургандан нима фойда», деб ўзини тийди.

 

***

 

Элчин Зелихонга қўшилиб милисахонага бормади. У Аҳадбей билан бирга эски «Запорожетс» ёнида қолди. Икковлон биттадан чекишди. Аҳадбей катта шаҳардаги об-ҳавони суриштирган бўлди. Табиатан камгапроқ Аҳадбей Зелихон таърифидаги «зўр ашулачи» билан нима ҳақда суҳбатлашишини билмас эди. Бир пайтлар лашкари шону шуҳратдан иборат бўлган Элчиннинг номи аввалдан таниш, унинг кейинги умри эса, табиийки, унга қоронғи эди.

Элчин Аҳадбейни сиртдан биларди. Зелихон қамоқдалигида ҳам, озодликка чиққанидан кейин ҳам у ҳақда гапирган эди. Бироқ Элчин Ватан ҳажрида диллари вайрон бу одамларнинг қисмати ҳақида ўйлаб кўрмаганди. Ҳозир унга қараб туриб, кам айтган ашулаларидан бирини эсламоқчи бўлди:

«Сен эй, бедард, найлайким, кўнгул дардини билмайсан…»

Шуҳрат булутида сузган чоқларида, дили қайғуга бегона, маишатга ошно дамларда кўнгул дарди ҳақида қандай куйлади экан? Ажаб, қўшиқнинг оҳангини ҳам унутибди. Энди у дил азоби нима эканини билади. Лекин бу одамга дардкаш бўла оладими? Эски «Запорожетс»ига суяниб турган Аҳадбей дардини тушуниш, боши узра тўпланаётган ҳасрат балоларини ҳайдашга кимнинг қурби етади? Хўрлик кўчасидан ўтиб келган Зелихон ҳам унинг дардини тўлалигича ҳис қила олмас… Бу дунёда қасос жомини сипқориб лаззатланиш учунгина тирик қолганман, деб ҳисобловчи Элчин Ватандан қувилган, бегона тупроқ узра тариқдай сочилган халқи тақдиридан куяётган одам дардига қандай шерик бўлиши мумкин? Аҳадбей юраги жаҳаннам азобларининг яқинлашаётганини сезиб беҳаловат тепади. Ҳадемай «Ватани йўқнинг имони йўқтур», деган тилларнинг, Ватан томон термилиб, нури қочган кўзларнинг гулханда куяжагини билмаса-да, қалбини ўша бўлажак аланга тафти куйдира бошлаган.

Аҳадбей мезбоннинг ҳадеб жим туравериши одобдан эмас, деган қарорга келиб, ёнидан Зелихон берган пулни чиқарди-да, Элчинга узатди:

— Мендан олмайди, сиз бериб қўйинг… — деди.

Элчин унинг мақсадини тушунди — йўқ тўйга тўёна олишни истамаяпти. Балки Зелихоннинг «битта буқа топиб, ағдарасан…» дегани малол келгандир? Мол сўйишга қурби етмаган одам тўй бошламайди. Зелихон соф кўнгилда тўёна берган бўлса-да, гапларидаги оҳангда бир оз манманлик, миннат сезилган эди. Элчин Аҳадбей шундан оғринган, деб ўйлаб, бош чайқади:

— Мендан ҳам олмайди. Феълини биласиз-ку? Сал қўполроқ гапиргани билан кўнгли тоза.

Аҳадбей кулимсираб, бош чайқади. «Мен унинг гапидан хафа бўлмадим», демади. Шуни айтса, «демак, барибир қўпол гапи дилини оғритган экан-да», деган фикр чиқиши мумкин эди.

— Сиздан илтимос ука… Отам айтдилар. Гапларини қайтара олмайман. Худо хоҳласа, замон тинчиса, тўйни қолдирмаймиз. — Аҳадбей шундай деб, Элчиннинг тисланишига қарамай, пулни пиджагининг чўнтагига солиб қўйди. — Худо хайрингизни берсин, ука…

Кўп ўтмай уларнинг ёнида Селимнинг машинаси келиб тўхтади. Селим иш битди, деган мақсадда хайрлашиш учун Аҳадбей сари қадам қўйганида Зелихон уни тўхтатди:

— Уйингга юр, — деди ғазаб билан.

Аҳадбей дўстининг авзойи бузилганини билиб, унга яқинлашди-да, билагидан ушлади.

— Зели, кетдик, — деди қатъий оҳангда.

— Сен нари тур, — Зелихон бир силтаниб, қўлини бўшатди-да, безрайиб турган Селимга ўшқирди: — Уйингга кир, хунаса!

Селим аҳвол чатоқлигини сезиб, қафасдаги қуш ҳолига тушди. Бир Зелихонга, бир хотиржам Элчинга қаради. Элчинни Зелихоннинг каллакесар шогирдларидан деб гумон қилиб, оёқларига қалтироқ югурди. Зелихон уни бўйнига чанг солиб, судради.

— Зели оға, сизга нима бўлди? Сизга нима ёмонлик қилдим…

Селим дарвозадан ичкари киргунча ялинчоқ овозда шу гапларни такрорлайверди. Остона ҳатлаши билан Зелихонни оёғи ҳам ишга киришди. Гўштдор одамнинг тўрт-беш қадам учиб тушганини орқадан келаётган Элчин ҳам, Аҳадбей ҳам сезмай қолишди. Селим ўрнидан туришга ҳаркат қилиб типирчилади. Зелихон унга яқинлашиб, сочини тутамлаб кўтарди-да, жағига мушт урди. Элчин Зелихоннинг муштлашишини кўп кўрган. Бунақа пайтда уни тўхтатиб қолиш жуда мушкул. Ажратмоқчи бўлганлар ҳам унинг муштидан ёки тепкисидан бенасиб қолмайдилар. Элчин, Селимнинг кимлигини, калтакка лойиқми ё йўқми, билмаса-да, Зелихонга эрк бериш номаъқул эканини фаҳмлаб, орқасидан қучоқлади. Аҳадбей чаққон юриб келиб, Зелихон билан Селим орасида туриб олди.

— Аҳадбей, қоч, — деди Зелихон, тишини ғижирлатиб.

— Зели, ўзингни бос, фойдаси йўқ.

Бу орада ошхона томондан аёл кишининг фарёди эшитилди. Бир нафас ўтмай, семиз хотин «вой-дод, эримни ўлдириб қўяди», деганича лопиллаб югуриб кела бошлади.

— Қайт, — деди Зелихон унга қараб ўшқириб. — Қайт, деяпман! Жойингда дамингни чиқармай ўтир!

Хотин унинг пўписасига парво қилмай, эрини тўсди. Аҳадбейнинг рўпарада туриши, хотиннинг қалқон бўлиб олгани ҳам фойда бермади. Зелихон бир силтаниб Элчиннинг қучоғидан чиқдию Селимни тепди. Хотин эр билан овора, Элчин билан Аҳадбей эса Зелихонни маҳкам ушлашди.

— Гули, милисага тилпон қил! — деб бақирди аёл, ошхона томон қараб.

— Зели, қўй уни, кетдик, — деди Аҳадбей.

— Йўқ, қўймайман, — деди Зелихон. — Ҳаммасини шу бошлаган. Қўйвор мени, — Зелихон шундай деб силтанди. — Қўйвор, бу хунасага тегмайман. Сен чиқиб маҳалладаги турклар билан ўзбекларни чақириб кел. Мен бунинг айбини бўйнига қўяман. Ўзбеклар буни тошбўрон қилишсин.

Аҳадбей итоат билан чиқди. У одам тўплашга улгурмай Селимнинг дарвозаси рўпарасида милисанинг машинаси келиб тўхтади. Ундан икки милиса йигит тушди. Улар остона ҳатлашлари билан Зелихон:

— Орқага қайтларинг! — деб буюрди.

Милиса йигитлар аввалига буйруққа итоат этиб, тўхтадилар. Сўнг «ким экан бу, бизга буйруқ берадиган?» дегандай яна бир-икки қадам қўйдилар.

— Қайтинглар! — деб бақирди Зелихон, сўнг Селимга ўгирилди. — Кимлигимни биласан, а? Айтиб қўй, қайтишсин!

Селим Зелихонга қўрқибгина қараб олиб:

— Қайтинглар, — деди.

Милиса йигитлар кўчага чиқишди-ю, аммо машиналарига ўтиришмади. Бу орада ўнга яқин одам тўпланди. Аҳадбей кўпчиликни айтган бўлса ҳам, чўчибми, мулоҳаза қилибми, чиқишмади. Зелихон оқ яктак устидан майда қавиқ тўн кийиб, белбоғ боғлаган, бир тутам оқ соқоли ўзига ярашган чолга яқинлашиб, қўш қўллаб сўрашди-да:

— Ота, — деди, — мана бу одамни танийсизларми?

— Ҳа, таниймиз, болам, — деди чол, юзи қонталаш Селимга ажабланиб қараб.

— Бу одам эмас, шайтоннинг урғочиси, буни ҳам биласизми?

— Ундай деманг, болам, бу ҳам Худонинг бир бандаси.

— Худонинг бандаси бунақа бўлмайди-да, ота. Бу одам тузингизни ичиб, тузлиғингизга тупурди. Кечаги тўс-тўполонни шу бошлаган. Отган бола билан ўзим гаплашиб чиқдим. Мен чеченман, ота. Аммо ўзбекнинг нонини еганман, сувини ичганман. Турклар билан қисматим бир. Бу бармоғимни тишласам ҳам оғрийди, бунисини тишласам ҳам оғрийди. Орада қон тўкилишини истамайман.

— Худо хоҳласа низо чиқмайди, болам. Қирқ йил бир гап ораламаган, энди оралайдими? Ёшлар…

— Йўқ, ота, калта ўйламанг. Буларнинг оёқлари зулмга қараб етаклаяпти. Бегуноҳ инсон қонлари тўкилади.

— Астағфируллоҳ, денг, болам. Ёмон нафас қилманг.

— Бу хунасани тошбўрон қилиб ўлдиринглар. Жавобини мен бераман. Тошбўрон қилмасаларинг ўзим ўлдираман. Шу савобни деб қамоқда чириб кета қолай.

Чол Зелихонга яқинлашиб гўштсиз бармоқлари билан унинг ғазабдан ёниб турган юзини силади. Зелихон сесканиб кетди. Бобосининг бармоқларини эслади. Бобоси ўлганидан бери бу юзларни биров меҳр билан силамаган эди…

— Болам, шайтонга ҳай беринг. Гуноҳи бўлса, ана, милиса турибди. Олиб борсин, сўроқ қилсин…

Чолнинг бармоқлари Зелихон вужудига ҳукм ўтказаётган ғазабини енгди. Ғазаб, нафрат чекинди-ю, бирдан хўрлик булути босиб келиб, кўзлари намланди.

— Ота, кўнгилчанглик қилманглар. Бунақаларнинг мингтасини йиғиштириб келсангиз, битта пичоққа соп бўлмайди-ю, аммо ҳаммаёқни қиёмат қилиб кетиш қўлларидан келади. Сиз милисага ишонманг, ота.

— Болам, мендай нодон чолга хўп, дея қолинг, юринг, — чол шундай деб уни елкасига қоқди. Шундан сўнг ҳозиргина шер кепатасидаги Зелихон қўй ҳолига тушди.

— Кетайлик, — деди Элчин, — ота тўғри айтяптилар.

— Мен бу хунасага яхшиликча айтган эдим, — деди Зелихон, худди ўзига ўзи гапиргандай. — Арининг уясини кавлама, кўчиб кет, девдим… Бу кўр, мен соқов эканман. Кўр билан соқов икки дунёда бир-бирининг гапига тушунмайди… — Зелихон шундай деб, бўшашган ҳолда дарвоза томон юрди. Милиса йигитларнинг олдидан ўтаётганида тўхтади: — Обориб тиқиб қўйиш қўлларингдан келадими? — Йигитлар жавоб ўрнига бир-бирларига саволомуз қараб олдилар. Зелихон улардан тасдиқ жавобини кутмаган ҳам эди. Агар Селимнинг адолатли жазо олишини билганида уни дўппосламас, одам тўплаб «тошбўрон қилинглар», демас эди.

— Ҳақиқий эркак бўлиш учун ўғил бола бўлиб, туғилиш кифоя эмас, — деб тўнғиллади Зелихон, «Запорожетс»нинг орқа томонига ўтириб. Бу гапни кимга қарата айтганини Аҳадбей ҳам, Элчин ҳам англамади.

— Бекорга бўғиляпсан, — деди Аҳадбей. — Гапингга кириб тошбўрон қилишганида баттар бўларди. Чол тўғри қилди.

Элчин суҳбатга қўшилмади. Унинг назарида ҳам оқсоқол энг тўғри йўлни танлаган эди. Элчин бу воқеани бир неча кундан сўнг яна эслайди. Ана ўшанда «Чол тўхтатмай, Селимни тошбўрон қилдирганида балки бу қиёмат содир бўлмасмиди», деб ўйлайди.

Табиатга ҳукм ўтказган қиш ер сатҳини безайди. Одам юрагида кўз очган қиш эса дилни музлатади, инсонга ҳусн бермайди. Кўнгилни ўз ҳукмига олган муз одам оласига хос меҳр-шафқатни маҳф этади. Оқибатда эса йиртқич ҳайвонларни ҳам лол қолдириши мумкин бўлган ваҳшийликлар содир бўлади.

Зелихон, чолнинг бармоқлари юзига тегиши билан кўнгли юмшаган бўлса ҳам, аламдан тушмаган эди. «Агар бир итни ўлдирсанг, одамлар сендан нафратланишади, — деб ўйлади у. — Олдин «бу ит қутурган» деб ишонтириб, сўнг ўлдирсанг, раҳмат айтишади. Селим итдан баттар махлуқ эди, қутурган итни балки даволаш мумкиндир. Пул қутуртирган одамни-чи? Уни фақат ўлдириш керак. Нимадан қўрқишди?..»

— Аҳадбей, аэропортга ҳайда, — деди Зелихон буйруқ оҳангида. — Элчинни кузатиб қўяйлик.

— Бир-икки кун қоламан, — деди Элчин, эътироз билдириб. — Ошна-оғайнилар билан отамлашиб кетай…

— Ўзинг биласан. Мен булар тинчигунча Аҳадбейникида бўламан. Аҳадбей, Фарғонага ҳайда. Федяни топайлик.

Элчин шаҳарни кесиб ўтган сой бўйида тушиб қолди. Эски «Запорожетс» машиналар оқимига қўшилиб бурилиб кетгунича орқасидан тикилиб турди. «Зели оға ҳозир гап кўтара олмайди, — деб ўйлади у. — Ташлаб кетсам ҳам бўлмайди. Жигарларим дўзахда куйса, мен жаннатда яйраб яшай оламанми, деди. Кўнгли ёмонлик сезяпти. Наҳот, арзимас жанжалдан катта фожиа туғилса?! Илгари йигитлар уришмаганми, бир-бирига пичоқ тортмаганми? Нимага энди қиёмат бошланиши керак? Қорабоғдаги аҳвол маълум. Тил бошқа, дин бошқа, дил бошқа. Тили бир, дини бир, урф-одати бир одамлар бир-бирларининг қонларини нимани баҳона қилиб тўкадилар? Зели оға ошириб юборяпти шекилли? Ҳар нима бўлганида ҳам, бир-икки кун шу атрофда юрай-чи… «Рақиб кула бошлар, яқин дўстинг аҳволингга чекмаса қайғу…» Элчин шу тўхтамга келиб, сой бўйидаги самовархона томон юрди.

Элчин яқиндагина бўёқдан чиққан сўрига бориб ўтирди. Сойнинг лойқа суви айқириб, бетон қирғоқни ялаб ўтади. «Одамнинг умри ҳам шу сойга ўхшайди, — деб ўйлади Элчин. — Дам мана шу лойқа сувдай зардоб тўлиб оқади. Дардини қаёққа сингдиришини билмайди… Ҳаёт икки қирғоғи бетонланган сойнинг ўзи. Бир қарич четга чиқмайсан. Айниқса лойқа дамларда қийин. Бу сой ҳам бора-бора тинчийди, тинади. Шунга мажбур, бошқа иложи йўқ…»

— Ассалому алайкум, Ҳофиз ака…

Қироат билан берилган салом уни хаёл дунёсидан қайтариб, овоз келган томонга ўгирилишига мажбур этди. Марғилоннухса дўппини бошига қийшиқ қўндирган, қалдирғоч мўйлови ўзига ярашиқли, кўзлари кулиб турувчи йигит Элчин ўгирилгач, яна бир марта салом берди-да, қўшқўллаб сўрашди.

— Омонмисиз, ака, бугун қуёш қаёқдан чиқди, деб турсам, сизнинг келишингиз экан-да, — йигит кўрпачанинг бир четига ўтириб, юзига фотиҳа тортган бўлди. — Сизни кўриб аввал кўзимизга ишонмадик. Ака, бир лутф кўрсатиб, бизнинг сўрига ўтсангиз, бир чўқимгина ошимиз бор эди.

Элчин бу йигитни танимагани учун таклифини қабул қилишга иккиланди.

— Сиз ҳеч хижолат бўлманг, ака, — деди йигит. — Санъат шинавандалари йиғилганмиз. Мен театруда ишлайман. Хизматга эндигина кирган вақтимда бир келган эдингиз. Шу-шу кўнгилни эгаллаб қўйгансиз. Исмим Толибжон, ака, марҳамат қилинг.

Элчин кўпам ноз этмай, ўрнидан турди. Тенгқур ҳамкасблар ичкарида давра қуришган экан. Уларнинг айримлари Элчинни аввал ҳам бир-икки кўрган, айримлари довруғини эшитган эди. Элчин шуҳрат отидан барвақт тушиб қолмаганида бундай даврани менсиб қўшилармиди, йўқми — Худо билади. Амалдорлар мансабдан тушган куннинг эртасигаёқ ёлғизланиб қоладилар. Ўзини дўст тутиб юрганлар юз буриб кетаверадилар. Шуҳрати сўнган санъаткорларни эса бу аччиқ қисмат кутмайди. Уларнинг мухлислари сақланиб қолади. Айниқса ҳамкасблар юзаки бўлса-да, қуллуқ қилиб турадилар. Инсофи бор санъатчи «осмонда сузиб юрганимда буни менсимай дуруст иш қилмаган эканман», деб хижолат бўлиши мумкин. Отдан тушса ҳам эгардан тушмайдиган хили эса, «мени иззат қилишга мажбурлар», деб йўнилмаган таёқдай ўтираверади. Элчин Фарғонада кўп бўлган, кўп зиёфатларнинг тўрида ўтирган. Кўп одамлар билан қўл бериб сўрашавериш ҳам эриш туйилган. Ҳозир ўша қилиғи эсига тушиб одамларни менсимай ранжитгандирман, деб бир оз уялди.

Даврадагилар Элчиннинг ташрифидан астойдил қувондилар. Меҳмонни хижолатга қўйиши мумкин бўлган гаплардан гапирмадилар, хотираларни тилга олмадилар. Элчин билган одамларни бир-бир эслаб, сўраб-суриштирди. Даврадагилар дам ҳазил билан, дам афсус билан жавоб қайтардилар. Ош сузилишидан олдин Элчин:

— Фарғона тинчми, ўзи? — деб сўради.

— Тинч бўлмай қаёққа борарди. Қизил пошшомизни Масковга депутат қилиб сайлаб қўйганмиз. Дўппини бошга чамбарак қилиб юрибмиз, қизил пошшо даврида Фарғонамиз би-ир гуллайдиган бўлиб турибди.

— Толибжон эрта-саҳарда биринчи овоз берган, — деди даврадагилардан бири. — Нима бўлса Толибжон жавобгар.

Аскияга суяги йўқ йигитлар Толибжонни бир-бир «олишгач», Элчин яна бошлаб қўйган гапига қайтди.

— Турклар тинчми?

Кутилмаган бу саволдан ҳамма бир-бирига қараб олди.

— Туркларга нима бўлибди, — деди Толибжон ажабланиб. — Бир гап борми?

— Ҳар хил мишмишларни эшитяпмиз.

— Бу мишмишлар етиб келмади бизга. Бир гап бор бўлса эшитардим. Қўшним турк. Кунда бўлмаса ҳам кун ора бир коса овқатни биз уларга илинамиз, эртасига улар бизга илинишади. Шавкат тоға деганимиз мени «ўғлим-ўғлим», деб бошига кўтаргудай қилади. Бугун эртаматан чиқиб иккита қўйимнинг жунини олиб бердилар, денг. Агар уларга тегишли нохушроқ гаплар бўлса, мен эшитардим. Шавкат тоға ҳамма дардларини менга айтадилар.

Элчин орага ноўринроқ савол ташлаганини фаҳмлаб, гапни театрга буриб юборди.

— Бугун Водилда контсертимиз бор, ака, ошдан кейин жўнаймиз. Биз билан бориб иккитагина ашула қилиб берсангиз, жаннатни ҳадя этгандай бўлардингиз-да…

Элчин бу таклифга кўнди. Уни тамошанинг иккинчи бўлимида чиқарадиган бўлишди. Тамошага тўпланганлар Элчиннинг келганини эшитган, дам-бадам «Элчин чиқсин!» деб ҳайқириқлар эшитилиб қолар, бу хитоблар унга довруқли кунларини эсига солиб, юрагини ҳаприқтирар эди. Элчин торни созлаб турганида Толибжон башанг кийинган бир йигитни бошлаб келди. Элчин унинг кўзларида ташвиш учқуни кўрди.

— Ҳа, Толибжон, баҳай? — деди ҳазил оҳангида. Толибжон жавоб беролмай, кўзларини олиб қочди. Унинг ўрнига йигит жавоб қайтарди:

— Мен обкомданман, мафкура бўлимидан, — у шундай деб ён чўнтагидан қизил гувоҳнома чиқарди.

— Қўяверинг, ишондим, — деди Элчин, гувоҳномага қарамай.

— Сиз бугун саҳнага чиқа олмайсиз.

— Нимага энди?

— Концерт — мафкуравий тадбир. Репертуарини обком тасдиқлаган. Сиз нима айтасиз, биз билмаймиз. Маданият министрлигидан рухсатингиз бўлиши шарт.

— Жон ака, бу кишини биз таклиф қилганмиз. Ўзларича келганлари йўқ, — деди Толибжон бўғилиб. Элчин бу масалада анча гап-сўз бўлганини англаб, жилмайди:

— Толибжон, акангизни қийнаманг.

— Ҳа, ана, тушунар экансиз-ку! Мен буларга тушунтираман, деб жигарим қон бўлиб кетди. Ўтган ҳафта Дадахон деганлари келиб «қўзғалинг», деган ашула айтибди. Партбилетимни қўйишга сал қолди.

— Ташвишланманг. Айтмасам айтмабман-да. Сибирнинг совуғида томоқни олдириб қўйганман. Илгариги овоз йўқ. Қамалганимни эшитгансиз, а? — деди Элчин, обком вакилига синовчан тикилиб.

— Ҳа… йўқ… шунақамиди? — деди йигит. Кейин Толибжонга ўгирилди. — Мен жойимда бўламан.

У нари кетиши билан Толибжон бўралаб сўкди.

— Кимдир чақибди. Дарров етиб келибди-я! Ўзини гўлликка солишини қаранг… Билмасмиш… Ака, узр, энди…

Элчин бағрида ғазаб ўти аланга олаётганини яшириб, ҳазин жилмайди-да, унинг елкасига қўлини қўйди.

— Унинг жойи қаерда экан?

— Биринчи қаторда. Қоққан қозиқдек ўтиради.

— Сиз хижолат чекманг, Толибжон. Агар хўп десангиз, бир иш қиламиз. Бу нусха контсертда чиқмасин, деди-а? Мен танаффусда иккита ашула айтиб бераман. Сиз танаффус эълон қилинг-у, дарров пардани ёпманг. Чиққанимдан кейин ёпасиз. Хиралик қилса, мен билмадим, деб тураверинг.

Толибжон пича ўйлангач, таваккал, дегандай қўл силтади.

— «Пахта рақси»дан сўнг тайёр туринг.

Танаффус эълон қилиниб, беш-ўн одам ўрнидан қўзғолишга улгурмай, саҳнага Элчин чиқиб келди. Уни таниганлар бирданига қийқириб, ҳуштак чалиб юборишди. Шу заҳоти шошқич равишда парда ёпилиб, Элчин саҳна чеккасида тамошабинлар билан юзма-юз қолди. Ўринларидан турганлар «танаффус эълон қилиниши ҳазил экан-да», деган хаёлда қайта ўтирдилар. Биринчи қатордаги обком вакили эса шарт туриб, саҳна ортига олиб борувчи зина томон юрди.

Мухлислар ҳаяжони тингач, Элчин енгил таъзим қилиб, сўз бошлади:

— Мени унутмаганингиз учун қуллуқ, азизларим. Урушдан олдин Юсуфжон қизиққа «сиз рамкадан чиқиб кетяпсиз», деб танбеҳ беришган экан. Шундан сўнг уста кейинги томоша пайтида бўйинларига бир расмнинг рамкасини солиб чиқибдилар. «Менга шундай дейишган эди, энди рамкадан чиқмай гапираман», дебдилар. — Ўтирганлар кулиб, қарсак чалишгач, Элчин ўзини енгил сезди. — Мен бу томошага меҳмонман. Шу сабабли танаффус пайтида рамкадан чиқмай иккитагина ашула қилиб бераман. Бу ашулалар Ватандан узоқда, озодликни қўмсаб юрган пайтларда туғилган. Мен ҳақимда сиз турли гап-сўз эшитгансиз. Гапнинг тўғриси шуки, гуноҳим учун жазолашган. Ҳақли жазони ўтаб, ҳузурингизга қайтдим.

Элчин торнинг созини бир текшириб олгач, титроқ оҳанг янгради. Якка торда, ғижжаксиз, доирасиз қўшиқ айтиш расмдан чиққани учун аввалига мухлислар бир гарангсиб олишди. Электрга уланган Оврупо чолғу асбобларининг шовқинига кўника бошлаган қулоқларга торнинг инграши ғалати туюлди. Сўнг… Элчиннинг бўғиқ, дардли овози таралди…

Ўксир кўнгил қуши —

Тушди қафасга.

Сира етолмайдир

Эркин нафасга

Қаро кунлар тушди менинг бошимга…

Тўпланганлар қўшиқни нафас ютиб тинглашаётганда бирдан микрофон узиб қўйилди. Элчин бунинг сабабини дарҳол англади-да, овозини бироз кўтариб, қўшиқни давом эттираверди. Орқароқдаги мухлисларга овоз етиб бормай бетоқат бўлиб ҳуштак чала бошлашди. Элчин «тинчланинг», дегандай қўл кўтарди-да, пастга тушди. У кенг давра ўртасида тургандай ашуласини давом эттирди.

Эй! Сен мени ҳақир кўрган, тубан деган афанди!

Эй! Устимда бир умрга хўжа бўлмоқ истаган.

Эй! Бўйнимга кишан солиб, ҳалокатга судраган,

Кўзларингни заҳарлатиб ўйнатмагил, бас энди!

Қўшиқ шу ерга келганида саҳнага бир йигит чиқиб микрофонга яқинлашди-да:

— Элчин ака, бу ёққа чиқинг, чироқни уладик, — деди узрли оҳангда.

Элчин торни чалишни тўхтатмай, саҳнага қайтди.

Кишанларинг занг босгандир, сергак бўлким, узилур,

Томирида қўзғалишнинг ваҳший қони гупирди.

Эски фикр, анъаналар энди буткул узилди.

Ё битарман, ёки сенинг салтанатинг бузилур!

Элчинни аввал билганлар ҳам, билмаганлар ҳам қўшиқларни ҳайрат билан тинглар эдилар. Илгари ёр васлини куйлашдан бошқасини билмаган бу хушовоз ҳофиз уларга бутунлай ўзга кўринишда кўринмоқда эди. Бир жуфт қўшиқ икки-уч жуфт бўлди ҳамки, мухлислар уни қўйиб юборишмади. Қўшиқдан қўшиққа ўтгани сайин Элчиннинг ўзига нисбатан ишончи орта борди. Ҳосилбойвачча хорлаганидан бери кўнгли чўкиб юрган эди. Бу издиҳомда онадан қайта туғилгандай бўлди.

 

***

 

Шариф Намозов шаҳар марказидаги уч қаватли қадимги бино ертўласида шундай сарой жойлашганини етти ухлаб тушида кўрмаган эди. «Асадбек идорасида кутиб ўтирибди», деган хабар келганида идора деганнинг шундай ҳашамдор бўлишини ўйламаганди. Шу пайтгача бунақа одамлар пинҳона иш юритишади, деган фикрда эди. Шундай сароймонанд жойда ўтиришибдими, демак, ўзларига ишонишади. Давлат ҳам айшингни суравер, деб уларга қўйиб берибдими, демак, ҳазиллашиб бўлмайди.

Кесакполвон Шариф Намозовни қандай кутиб олиш хусусида Бўтқага аниқ кўрсатма берган эди. Бўтқа хўжайиннинг топшириғини аъло даражада ўринлатди: Намозов остонада кўриниши билан пешвоз чиқиб, салом берди:

— Бек акам ҳозир бўшаб қоладилар, окахон, унгача бир пиёла чойимиз бор.

Шариф Намозов Бўтқанинг изидан юриб, шинам бир хонага кирди. Меҳмон ўрнашиб ўтириб олгач, кафтдек қутичани қўлига олиб, телевизор томон тўғрилаб тугмачани босган эди, экран ёришди.

— Сиз баҳузур ўтира туринг, — деди Бўтқа унга илтифот кўрсатиб.

Телевизорда хорижнинг тамошаси кўрсатилаётган эди. Намозов шундай беҳаё тамошалар мавжудлигини эшитганди-ю, аммо кўришга иштиёқи ҳам, вақти ҳам йўқ эди. Ҳозир қарамай деса ҳам, кўзи тамошага тортиб кетаверди. Шу зайлда хонага дўндиқ бир қиз кириб келганини сезмай қолди. Калта кўйлакли дўндиқ қўлидаги патнисни курсига қўйиб, нозли жилмайиб қўйди.

— Қаҳва олиб келдим, — деди-да телевизорга қараб олди. Сўнг девон ёнбошидаги курсида турган шишани олиб иккита биллур қадаҳга коняк қуйиб бирини Шарифга узатди-да, ўзи иккинчисини олиб, пастга гилам устига ўтирди.

— Олинг, — деди ишва билан.

Шариф туш кўряптими ё кино тамоша қиляптими, билмай гаранг бўлди. Унинг гангиб қолганини сезган дўндиқ тирсагини тиззасига қўйиб яна нозланди. Шарифнинг кўзи ярим очиқ кўкракнинг ариқчасига тушиб, юраги энтикиб кетди. Конякни ичиб юборганини ўзи ҳам билмай қолди. Дўндиқ қадаҳни бир хўплаб, курси устига қўйди-да, Шарифнинг тиззасини қучоқлади. Шарифнинг эҳтироси жиловини узиб, қўллари ўзига бўйсинмай қолди. Бу дунёда шундай маишат борлигига энди ишона бошлаганида эшик очилиб, Бўтқа кириб келди. Шариф уни кўриб чўчиб тушди. Бўтқа эса ҳеч нима кўрмагандай, хотиржам оҳангда:

— Бек акам кутяптилар, — деди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

Читайте на сайте


Smi24.net — ежеминутные новости с ежедневным архивом. Только у нас — все главные новости дня без политической цензуры. Абсолютно все точки зрения, трезвая аналитика, цивилизованные споры и обсуждения без взаимных обвинений и оскорблений. Помните, что не у всех точка зрения совпадает с Вашей. Уважайте мнение других, даже если Вы отстаиваете свой взгляд и свою позицию. Мы не навязываем Вам своё видение, мы даём Вам срез событий дня без цензуры и без купюр. Новости, какие они есть —онлайн с поминутным архивом по всем городам и регионам России, Украины, Белоруссии и Абхазии. Smi24.net — живые новости в живом эфире! Быстрый поиск от Smi24.net — это не только возможность первым узнать, но и преимущество сообщить срочные новости мгновенно на любом языке мира и быть услышанным тут же. В любую минуту Вы можете добавить свою новость - здесь.




Новости от наших партнёров в Вашем городе

Ria.city
Музыкальные новости
Новости России
Экология в России и мире
Спорт в России и мире
Moscow.media






Топ новостей на этот час

Rss.plus





СМИ24.net — правдивые новости, непрерывно 24/7 на русском языке с ежеминутным обновлением *