Добавить новость
World News in Uzbek
Новости сегодня

Новости от TheMoneytizer

АЛВИДО, ЭЙ ГУЛСАРИ!.. (9-қисм)

* * *

 

Чоро йўрға отда ёлғиз жўнади. Ҳамроҳларини кутиб ўтирмади. Уйга тезроқ етиб олгиси келар, юраги оғрий бошлаганди. Отни ўз ҳолига қўйиб берди, у кун бўйи дам олганидан энди бир текис елиб борарди. Юргизилган машина сингари бир маромда туёқларини тақиллатиб кетаётганди. Аввалги ҳамма нарсасидан унда фақат чопиш иштиёқигина қолганди. Бошқа ҳамма нарса унда аллақачон ўлган эди. У фақат эгару йўлнигина билсин учун қолган ҳамма фазилатларини йўқотишганди. Гулсари чопиш билан тирик эди. Гўё одамлар тортиб олган нарсаларга етиб олмоқчидай, виждонан, ҳормай-толмай чопарди. Чопарди-ю, лекин етиб ололмасди.

Шамолда Чоро бир оз енгил тортди. Юрагидаги оғриқ ўтиб кетди. У кенгашдан умуман мамнун эди, айниқса, обком секретарининг чиқиши жуда ёқди, у ҳақда кўп эшитган бўлса ҳам биринчи марта кўриши эди. Шундай бўлса ҳам парторг ўзини ноқулай сезарди. Кўнгли ғаш эди. Ахир у Танабойга яхшилик қилмоқчи эди. Ахир у бундай кенгашлар, мажлислар ва йиғилишларда қатнашавериб пихи қайрилган қаерда нима гапириш керагу, нима керак эмаслигини биларди. Тажрибаси бор эди. Танабой эса гарчанд қулоқ солган бўлса ҳам, буни тушунишни хоҳламади. Кенгашдан сўнг унга бир оғиз ҳам сўз айтмади. Машинага ўтирди-ю, тескари ўгирилиб олди. Хафа бўлибди. Эҳ, Танабой, Танабой! Соддасан, ҳаёт сени ҳеч нарсага ўргатмабди. Сен ҳеч нарсани билмайсан ҳам, пайқамайсан ҳам. Ёшлигингда қандай бўлсанг, шундайлигингча қолибсан. Ҳамма нарсани шартта-шартта қилсанг. Замон ҳозир бошқача. Энди ҳаммасидан муҳими, қандай гапиришни, кимнинг олдида нима гапиришни билиш, сўзинг барча одамларники сингари замон руҳида жаранглаши, ажралиб турмаслиги, ёзилгандай силлиқ бўлиши керак. Шунда ҳамма нарса жойида бўлади. Сени, Танабой, кўнглингнинг кўчасига қўйиб юборсанг борми, ҳамма нарсани ағдар-тўнтар қилиб ташлайсан, яна жавоб беришга ҳам тўғри келади. «Ўз ташкилотингиз аъзоларини сиз қандай тарбияламоқдасиз? Бу қанақа тартиб-интизом? Бу қанақа бошбошдоқлик?» Эҳ, Танабой, Танабой…

 

***

 

Ҳамон ўша тун, улар иккиси йўлда. Қари одам ва қари от. Жарлик ёқасида гулхан ёнмоқда. Танабой ўрнидан туради, жон бераётган Гулсари устига ёпган пўстинини нечанчи бор тўғрилаб қўяди. Яна унинг бош томонига ўтиради. У хаёлан бутун умрини бирма-бир назардан ўтказади. Саман отнинг чопишидек тез ўтган йиллар, йиллар, йиллар. Ўшанда у қўйларга чўпон бўлиб борган ўша йили, ўша кеч кузда, ўша эрта қишда нима бўлганди?..

Бутун октябрь ойи тоғларда қурғоқчилик бўлиб, ҳамма ёқ олтин тусга кирган эди. Бошда фақат икки кунгина ёмғир ёғиб, ҳаво совуди, туман тушди. Аммо кейин бир кечада булутлар тарқалиб кетди, эрталаб Танабой ўтовидан чиқувди, орқасига тисарилиб кетишига сал қолди — тоғлар чўққиларидаги янги қорлари билан у томон босиб келаётгандай эди. Уларга қор қандай ёғибди! Гўё Тангри ҳозиргина яратгандай, улар фалакда мусаффолигича, сояда ҳам, ёруғликда ҳам яққол кўзга ташланиб турарди. Қор ёғган жойдан кўм-кўк, бепоён бўшлиқ бошланарди. Унинг тубида олис-олислардан коинотнинг хаёлий зумрад уфқи кўриниб турарди. Нур ва соф ҳавонинг мўл-кўллигидан Танабой жунжикиб кетди ва юраги ҳасратга тўлди. У яна Гулсари билан бирга борган ҳув ўша жувонни эслади. Йўрға қўл остида бўлса эди, минарди-да, завқ-шавқи ва шодлигидан қийқириб, мана бу эрталабки оппоқ қор каби унинг ҳузурига кириб борарди…

Аммо у бу фақат орзугина эканлигини биларди… Нимаям қиларди, умрнинг ярми орзу-хаёл билан ўтади. Шунинг учун ҳам, эҳтимол, ҳаёт шунчалик лаззатли, орзу қилганларининг ҳамма-ҳаммаси ҳам рўёбга чиқавермаганлиги учун ҳам, эҳтимол, азиздир бу ҳаёт. У тоғлар ва осмонга тикилиб туриб, ҳамма одамларнинг бир хил даражада бахтли бўла олишига шубҳаланарди. Ҳар кимнинг ўз тақдири — қисмати бор. Унда, бир тоғда бир пайтнинг ўзида ҳам ёруғлик, ҳам қоронғилик бўлганидек, ўз қуванчлари, ўз ғаму-ғуссалари бўлади. Ҳаёт шулар билан тўла-тўкис… У жувон, эҳтимол, энди кутмаётгандир ҳам. Тоғлардаги янги қорни кўриб эслаган бўлмаса агар…

Одам қариб бораверади, кўнгил эса таслим бўлишни хоҳламайди, аҳён-аҳёнда бир ижирғаниб, ўзини эслатиб қўяди.

Танабой отни эгарлади, қўйлар қўрасини очди, ўтовнинг ичига қараб хотинига қичқирди:

— Жайдар, мен қўйларни бир айлантириб келай, сен ишларингни қилиб бўлгунингча қайтиб келаман.

Қўйлар майда қадам ташлаб тез-тез юриб кетишди, қўйлар елка, бошларини қимирлатиб тепаликка қараб кўтарилиб борарди, қўшни чўпонлар ҳам қўйларини ҳайдаб чиқа бошлашганди. У ер-бу ерда тоғ ёнбағри, пастликлар, жарликларда қўй сурувлари ер-заминнинг азалий тортиғи — ўт-ўланларни тера бошлади. Кузги тоғларнинг сарғиш, қўнғир ўт-ўланлари орасида кулранг оқиш қўйлар тўда-тўда бўлиб дайдиб юришарди.

Ҳозирча ишлар жойида эди. Танабойга ёмон отар тегмади — улар икки ва уч марта қўзилаган совлиқлар эди. Ярим минг бош. Ярим минг ташвиш. Қўзилагандан кейин эса улар икки баравардан зиёдроқ кўпаяди. Лекин қўзилатишга, чўпонларнинг машаққатли меҳнати бошланишига ҳали узоқ эди.

Йилқиларга қараганда қўйларни боқиш анча тинчроқ, албатта, лекин Танабой уларга дарров кўника қолмади. Отларни боқиш бошқача эди-да! Аммо, айтишларича, йилқичилик ўз аҳамиятини йўқотган эмиш. Машиналар пайдо бўлганмиш. Отлар энди, демак, фойдасиз бўлиб қолибди-да. Энди қўйчилик: жун, гўшт, тери — асосий нарса. Гарчанд бундай оқилона ҳисоб-китобда ҳақиқат борлигини тушунса ҳам, у Танабойга қаттиқ ботарди.

Яхши айғири бўлган уюрини баъзи пайтларда вақтинча, ярим кунга, ёки ундан ҳам кўпга ташлаб кетиб, ўз ишлари билан банд бўлса бўларди. Қўйларни эса ташлаб ҳеч қаёққа кетиб бўлмайди. Кундузи бир қадам ҳам жилмай улар билан бирга юриш, тунда қоровуллик қилиш керак. Чўпондан ташқари отарда чўлиқ бўлиши керак эди, лекин чўлиқ беришмаётганди. Шунинг учун навбат алмашмай, дам олмай, тинимсиз ишлашга тўғри келарди. Жайдар қоровул ҳисобланарди, кундузи фақат баъзи вақтлардагина қизлари билан қўйларга қарай оларди, тун ярмига қадар милтиқ билан қўра атрофида айланиб юрарди, кейин Танабойнинг ўзига қоровуллик қилишга тўғри келарди. Энди колхоздаги бутун чорвачиликка хўжайин бўлган Иброҳим эса баҳона топишга уста эди.

— Хўш, мен қаердан оламан чўлиқни, Танака? — дерди у куйингандай бўлиб. — Ақлли одамсиз-ку ахир. Ёшларнинг ҳаммаси ўқимоқда. Ўқимаётганлари эса қўй десангиз тепа сочи тикка бўлади, улар шаҳарга, темир йўлга, ҳатто аллақаёқлардаги конларга ҳам кетиб қолишмоқда. Нима қилишга ақлим етмай қолди. Сизда ҳаммаси бўлиб биргина отар — шунда ҳам оҳ-воҳ қиласиз. Мен-чи? Бутун чорвачилик менинг бўйнимда. Судга тушаман. Бу ишга беҳуда ўтган эканман, беҳуда. Сиз оталиққа олган Бектойга ўхшаш кишилар билан ишлаб бўлармиди? Сен, дейди, мени радио, кино, газеталар билан таъминла, янги ўтов бер, тағин ҳар ҳафтада олдимга магазин келиб турсин. Бўлмаса бошим оққан томонга кетаман қоламан, дейди. Сиз у билан гаплашсангиз бўларди, Танака!..

Иброҳим алдамаётганди. Унинг ўзи ҳам кўтарилиб кетганидан хурсанд эмасди. Бектой ҳақидаги гапи ҳам тўғри эди. Танабой баъзан бир амаллаб вақт топиб, оталиққа олган комсомоллари олдига бориб турарди. Эшим Бўлатбеков гарчанд унчалик эпчил бўлмаса ҳам кўнгилчан, юмшоқ табиатли йигит эди. Бектой эса чиройли, келишган эди, аммо унинг қора қийиқ кўзларидан ғазаб ўти чақнаб турарди. У Танабойни қовоқ осиб кутиб оларди, унга:

— Сен, Танака, куйиб-пишаверма, яхшиси, ўз болаларинг олдида ўтир. Сенсиз ҳам мени текширувчилар кўп.

— Сенга нима, бир нарса ютқизяпсанми бундан?

— Ютқизишга ютқизмайману, лекин сенга ўхшаганларни ёқтирмайман. Сизлар, ўзингизни сувга ҳам, ўтга ҳам ургансизлар. Доим ҳайбаракаллачилик, «ура, ура!» қилгансизлар. Ўзингиз бўлса одамдай ҳаёт кечирмадингиз, ўзгаларни ҳам одамдай яшашига йўл қўймадингиз.

— Сен, йигит, жуда ҳам ҳаддингдан ошаверма, — Танабой зўр-базўр ўзини тутиб ижирғаниб гапирди. — Қўлингни менга бигиз қилиб гапирма. Бу сенинг ишинг эмас Ўзини сувга ҳам, ўтга ҳам урган сен эмас, биз бўламиз. Афсусланмаймиз бундан. Сизларни деб ўзимизни ўтга, сувга ташлаганмиз. Шундай қилмаганимизда эди, кўрардим ҳозир аҳволинг нима бўлишини. Кино кўриш, газета ўқиш ҳам гапми, ўз отингни ҳам билмаган бўлардинг. Уч ҳарфдангина иборат биргина «қул» деган отинг бўларди сенинг…

Танабой Бектойни ёқтирмасди, лекин мана шу тўғри сўзлиги учун уни ичидан ҳурмат қиларди. Бектойнинг феъл-атвори айниб бораётганди. У йигитнинг эгри йўлга кириб кетаётганлигини кўриб Танабой ачинарди. Кейинчалик уларнинг йўллари ажралиб кетиб, шаҳарда тасодифан учрашиб қолганларида Танабой унга ҳеч нарса демади, унинг сўзларини тинглаб ўтирмади ҳам.

Ўша эрта тушган қиш кунлари эди… Қиш ўзининг оппоқ қаҳрли туясида тез елиб-югуриб келиб, чўпонларни беғамлиги учун жазолай кетди.

Бутун октябрь ойи қуруқ келганди, ҳамма ёқ олтин тусга кирганди. Ноябрь ойида эса бирданига қиш тушиб қолди.

Танабой кечқурун қўйларни ҳайдаб келиб, уларни қўрага қамади, ҳамма нарса гўё ўз жойидагидек эди. Аммо тун ярмида уни хотини уйғотиб қолди:

— Тур, Танабой, мен жуда совқотиб қолдим. Қор ёғяпти.

Унинг қўллари муздай эди, ҳамма еридан қор ҳиди келарди. Милтиқ ҳам нам ва совуқ эди.

Ҳовлида оқиш тун. Қор гупиллаб ёғяпти. Қўйлар қўраларда безовталаниб ётишарди, қорга кўникмаганликларидан силкинишар, каллаларини чайқашар, қор бўлса ҳамон шиғаб ёғарди.

«Шошманглар, ҳали сиз билан бизнинг бошимизга бундан ҳам баттарроқ кунлар келади, — деб ўйлади Танабой пўстинига ўралиб. — Эрта, жуда эрта келдинг сен қиш. Оқибати нима бўларкин, яхшиликми, ёмонликми? Балки кейинчалик юмшаб қоларсан, ҳа? Фақат қўйлар қўзилагунча ўтиб кетсанг бўлгани. Бор илтимосимиз мана шугина. Ҳозирча эса ўз билганингни қилавер. Бунга ҳаққинг бор, ҳеч кимдан сўрамасанг ҳам бўлади…»

Қиш индамай қоронғида, одамлар уҳ тортиб, у ёқдан бу ёққа югургилаб қолсин деб ўз ишини қилар эди.

Тоғлар тунда қорайиб, баҳайбат турар эди. Улар қишни писанд қилмасди. Анави чўпонлар сурувлари билан елиб чопаверишсин. Тоғлар эса қандай турган бўлса, шундай тураверади.

Эсдан чиқмайдиган ўша қиш бошланди, аммо унинг оқибатини ким билсин?

Қор эримай ётарди, бир неча кундан сўнг яна гупиллаб ёғиб берди, кейин яна, яна ёғди ва чўпонларни кузги манзилларидан ҳайдаб туширди. Отарлар дайдиб, тарқалишиб, даралар, овлоқ жойлар, кам қорли ерларга бекина бошладилар. Чўпонлар ўз ҳунарларини — бошқа бир одам бу ерда қордан бўлак ҳеч нарса йўқ, деб қўл силтаб кетган жойлардан отарларга ем-хашак излаб топиб бериш ҳунарларини ишга солишди. Шунинг учун ҳам уларни чўпон дейишади-да… Баъзан бирон бошлиқ келиб қараб туради-да, уни-буни суриштиради, бир дунё нарсани ваъда қилади ва дарҳол тоғдан жўнаб қолади. Чўпон бўлса яна ёлғиз ўзи қиш билан юзма-юз қолади.

Колхоздагилар қўзилатишни қандай ўтказиш ҳақида нима ўйлаётганликларини, ҳамма ишлар қилинганми, ҳамма нарса жамғарилганми — шуларни билиш учун Танабой кўпдан бери колхозга бир амаллаб бориб келмоқчи бўларди. Аммо қаёқда дейсиз! Бош қашишга ҳам қўли тегмасди. Жайдар бир куни интернатга ўғлининг олдига бориб келди, лекин у ерда узоқ турмади: усиз жуда қийин бўлишини биларди, Танабой ўшанда қизлари билан қўйларни боқарди. Кичик қизини эгарнинг олдига ўтқизиб, пўстин билан ўраб оларди, у иссиқда тинч эди, каттаси эса совқотарди, у отасининг орқасида ўтирарди. Ҳаттоки ўчоқдаги олов ҳам бошқача бўлиб ғарибона ёнарди.

Эртасига оналари қайтганда эса нима бўлди денг-а! Болалар унинг бўйнига ташланишди, куч билан ажратиб олишга тўғри келди. Ҳа, ота албатта ота-ю, лекин онанинг ўрни бошқа.

Вақт шу зайлда ўтиб борарди. Ҳаво ўзгариб туради, гоҳ қиш қаҳрига олар, гоҳ бир оз юмшарди, икки марта бўрон ҳам бўлди, кейин тинчиб, ерлар эрий бошлади. Танабойни худди мана шу нарса ташвишлантирарди. Қўйларнинг қўзилашлари илиқ кунларга тўғри келса яхши-я, агар тўғри келмаса-чи, унда нима бўлади?

Бу орада қўйларнинг қоринлари тобора катталашиб борарди. Боласи йирик ёки эгизак бўлган айрим совлиқларнинг қоринлари осилиб қолган эди. Совлиқ қўйлар эҳтиёткорлик билан зўр-базўр қадам ташлашарди, жуда озиб кетишганди. Орқа суяклари туртиб чиқиб қолганди. Ҳайрон қоладиган жойи ҳам йўқ бунинг — бола қоринда ўсиб, онасининг бор-йўғини сўриб етилиб-тўлишарди, бу ерда бўлса ҳар битта ўтни қор остидан тимирскилаб топиш керак. Чўпон қўйларни эрталаб ва кечқурун қўшимча боқса, тоққа ем-хашаклар келтирса бўларди-ю, лекин колхоз омборларида ҳеч нарса топилмасди. Уруғликлар ва аравага қўшиладиган, миниладиган отлар учун асраб қўйилган сулидан бўлак ҳеч нарса йўқ эди.

Танабой ҳар куни эрталаб қўйларни қўралардан ҳайдаб чиқараётганда совлиқларни кўздан кечирар, қорни, елинини пайпаслаб кўрар эди. Агар ҳамма бало-қазолардан соғ-омон чиқарса, чамалаб қўзилар бўйича мажбуриятини бажариши, жун бўйича бажара олмаслигига кўзи етарди. Қиш ичида қўйларнинг жуни ёмон ўсди, баъзилариники ҳатто сийраклашиб қолди, тўкила бошлади, уларни янада яхшироқ боқиш керак эди. Танабойнинг қош-қовоғи осиларди, ғазабланарди, аммо ҳеч нарса қила олмасди. Шунда Чоронинг сўзига киргани учун ўзини энг ёмон сўзлар билан койирди. Ваъдани катта берди. Минбарга чиқиб гапирди. «Мен, фалончи пистончи илғор одам, партия ва ватан олдида сўз бераман». Лоақал мана шу кейинги сўзларни гапирмаса ҳам бўларди! Партия ва ватаннинг бунга нима дахли бор-а! Одатдаги хўжалик иши. Йўқ, тартиб-қоида шундай. Нега энди керак бўлса-бўлмаса, биз ҳар қадамда шу сўзларни тиқиштираверамиз, а?..

Нима ҳам қиларди, ўзи айбдор. Ўйлаб кўрмаган. Ўзгаларнинг гапи билан иш қиладиган бўлиб қолган. Уларга нима, алдаб-сулдаб қутулиб олишади, лекин Чорога раҳминг келади. Ҳеч омади келмаяпти-да унинг. Бир кун соғ бўлса, икки кун касал. Умр бўйи у ёққа югуради, бу ёққа югуради, унга ялинади, буни кўндиради, хўш, ниманинг уддасидан чиқди? Эҳтиёткор бўлиб боряпти, сўзни танлаб гапиради. Модомики касал экансан, дам олишга чиқсанг ҳам бўлармиди…

Қиш чўпонларни гоҳ умидлантириб, гоҳ ташвишлантириб ўз маромида бораётганди. Танабойнинг отарида икки совлиқ қувватдан кетиб ҳалок бўлди, жуда нимжон бўлиб қолган экан. Унинг оталиғидаги ёш чўпонларнинг ҳам бир нечтадан қўйлари ўлди. Бусиз бўлмайди ҳам. Бир қиш ичида ўн совлиқни йўқотиш оддий нарса. Энг муҳими олдинда, кўклам арафасида.

Бирдан ҳаво илий бошлади. Совлиқларнинг елинлари дарров тўлиша бошлади. Ориқлаб кетишган, қоринларини зўрға кўтариб юришган бўлса ҳам, елинлари эса кун сайин эмас, соат сайин қизариб, шишиб борарди. Нима сабабданикин? Қаёқдан бунчалик куч-қувват олишади-я! Кимнингдир бир неча совлиқлари қўзилаб қўйибди, деган овоз тарқалди. Демак, қочириш даврида эътиборсизлик, бепарволик қилинган экан-да. Бу биринчи огоҳлантириш эди. Бир-икки ҳафтадан кейин қўзилар пишган олмадек «тап-тап» туша бошлайди. Қабул қилиб олишга улгурсанг бас. Шунда чўпонларнинг ташвишлар палласи бошланади. Ҳар бир қўзи учун чўпон титраб туради ва қўйлар кетидан юра бошлаган кунини лаънатлайди, агар барра қўзичоқни сақлаб қола олса, агар қўзилар оёққа туриб, қишга қадар думлари кўриниб қолса унинг шодлик-қувончларининг чеки бўлмайди.

Шундай бўлса, яхши бўларди. Кейинчалик одамлардан кўзини яшириб юрмас эди.

Қўзилатиш даврида ёрдам учун колхоздан сақмончиларни — кўпчилиги қари ва боласиз бўлган аёлларни ўз ҳолларига қўймай юборишди. Танабойнинг отарига ҳам икки сақмончини жўнатишди. Улар кўрпа-тўшаклари, чодирлари, қозон-товоқлари билан келишди. Ҳамманинг кўнгли кўтарилди. Сақмончилардан кам деганда етти киши керак эди. Иброҳим отарлар Бештол водийсидаги қўзилатиш пунктига кўчганида яна сақмончилар юборишни ваъда қилиб, ҳозирча шуларнинг ўзи ҳам кифоя, деганди.

Отарлар ғимирлаб қолишди, пастроққа, тоғ ёнбағирларига, қўзилатиш базаларига туша бошлашди. Танабой ўзи қўйларни ҳайдаб боргунча аёлларнинг манзилга етиб, у ерда ўрнашиб олишларига ёрдам беришни Эшим Бўлатбековдан илтимос қилди. Аёлларни бир карвон қилиб жўнатди, ўзи эса қўйларни тўплади-да, бўғоз совлиқлар қийналмасликлари учун уларни ўз юришига қараб, бамайлихотир ҳайдаб кетди. Кейинчалик Бештол водийсига олиб борадиган худди шу йўлни тағин икки марта босиб ўтиши, оталиғидаги чўпонларга кўмаклашиши керак эди.

Қўйлар аста-секин жилиб боришарди, уларни шошириб бўлмасди. Ҳатто ит ҳам зерикиб кетди, у ёқдан-бу ёққа изғиб чопа бошлади.

Қуёш бота бошлаганди, аммо ҳали тафти бор эди. Сурув тоғ этакларига тушган сари ҳаво ҳам шунчалик исий бошларди. Кунгай жойларда ўтларни ўра бошлаган эдилар.

Йўлда бир оз тўхтаб қолишди, биринчи совлиқ қўзилаб қўйди. Буни ҳеч ким кутмаган эди. Танабой куйиб-пишиб, янги туғилган қўзининг қулоқ ва бурун ковакларига пуфларди. Қўзилашга ҳам бир ҳафтача вақт бор эди. Бу томдан тушган тарашадай бўлди.

Эҳтимол, йўлда тағин қўзилаб қолишар? Бошқа совлиқларини кўздан кечирди — йўқ, унақага ўхшамайди. Хотиржам бўлди, кейин ҳатто кайфи чоғ бўлиб кетди. Унинг биринчи қўзичоғига қизлари ўзларида йўқ қувонишар. Тўнғич доим азиз бўлади-ю. Қўзичоқ ҳам яхшигина эди. Киприклари қора, туёқлари қора, ўзи оппоқ. Отарда бир нечта ярим дағал жунли қўйлар бор эди, худди ана шулардан бири қўзилади. Уларнинг қўзилари одатда майин жунли қўйларнинг деярли қип-яланғоч туғиладиган қўзиларидан фарқли ўлароқ бақувват жунли бўлишарди.

— Ҳа, майли, шошилган экансан, ана, ёруғ дунёни кўриб ол, — деди Танабой. — Ҳам бизга бахт-саодатли бўлиб кел! Ўзингга ўхшаган қўзичоқлардан шунча кўп эргашиб келсинки, қадам босишга жой топилмасин, сизларнинг овозларингиздан қулоқларимиз битиб кетсин, ҳаммаси тирик қолсин. — У қўзичоқни боши узра кўтарди. — Қараб қўй, мана у, тўнғич қўзичоқ!

Теварак-атрофда тоғлар турар, улар сукут сақлашарди.

Танабой қўзичоқни пўстини остига яширди ва қўйларни ҳайдаб кетди. Она совлиқ изма-из чопар, безовталанар, маърар эди.

— Юр, кетдик! — деди унга Танабой. — У шу ерда, ҳеч қаёққа кетмайди.

Пўстин остида қўзичоқ қуриди, исиниб олди.

Танабой кечга яқин отарни базага ҳайдаб келди.

Ҳамма жойида эди, ўтовдан тутун ўрмаларди. Чодир олдида сақмончилар ивирсиб юришарди. Демак, бир амаллаб келиб олишибди. Эшим кўринмасди. Ҳа, ростдан ҳам, у эртага ўзи кўчиб келиш учун юк ташувчи туяни олиб кетувди. Ҳаммаси жойида.

Лекин Танабойнинг кейинчалик кўрган нарсаси уни куппа-кундузи бўлган момагулдуракдай ларзага солди. У ҳамма нарса яхши бўлади, деб ўйламаганди, аммо совлиқлар қўзилайдиган қўйхонанинг қамиш томи чириб, ўпирилиб тушганини, деворлари тешилиб, деразасиз, эшиксиз бўлишини, шамол у чеккасидан кириб, бу чеккасидан чиқаётганини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Атрофда қорлар деярли эриб кетган, қўйхона ичида эса ҳамон уюлиб ётарди.

Қачонлардир харсанг тошлардан қурилган қўра ҳам хароба, вайрона ҳолда ётарди. Танабой шу қадар хафа бўлиб кетдики, қизлари қўзичоқни кўриб қандай хурсанд бўлаётганлари кўнглига сиғмади. Қўзичоқни уларнинг қўлига берди-да, теварак атрофни кўздан кечиргани кетди.

Қаергаки қадам қўймасин — ҳамма ерда тоқат қилиб бўлмас даражада хўжасизлик. Уруш бошлангандан бери бу ерда барча нарса ўз ҳолига ташлаб қўйилган, совлиқларни қўзилатишни бир амаллаб эплаштириб, кейин ҳаммасини ёмғир ва шамолга ташлаб кетаверишган бўлишса керак. Сарой томи устида бир ғарам чириган хашак қийшайиб турарди, сочилган сомон уюмлари ётарди, агар бурчакдаги икки чала қоп арпа уни, бир яшик тузни ҳисобга олмаганда, бутун отардаги қўзичоқлар ҳамда совлиқларга аталган ем-хашак ва тўшаманинг бори мана шугина эди, холос. Шу бурчакнинг ўзида шишалари синган бир неча фонус, керосинли, занглаган бидон, икки бел ва синиқ паншахалар ташлаб қўйилганди. Мана шуларнинг ҳаммасига керосин қуйиб, ёндириб кулини кўкка совургиси ва бу ердан боши оққан томонга кетиб қолгиси келди…

Танабой ўтган йилги гўнг ва қорнинг яхлаб қолган уюмларига қоқилиб-суқилиб юрар ва нима дейишини билмас эди. Сўз топа олмасди. Худди ақлдан озган кишидай. «Шундай бўлиши мумкинми, а?.. Шундай бўлиши мумкинми, а?..» деб такрорлагани-такрорлаган эди.

Кейин эса қўйхонадан югуриб чиқиб, отини эгарлашга отилди. Эгарлаётганида қўллари титрарди. Ҳозир ҳув анави ёққа отини елдириб кетади, тун ярмида ҳаммани оёққа турғизади ва уларга кўрсатиб қўяди. Анави Иброҳимни ҳам, раис Алдановни ҳам, Чорони ҳам ёқасидан тутади: ундан раҳм-шафқат кутишмасин! Улар Танабойга шундай қилишдими — ундан ҳам яхшилик кўриб бўлишибди! Бўлди, тамом!..

— Қани, тўхта-чи! — жиловни ушлаб олишга улгурди Жайдар. — Қаёққа кетяпсан? Отдан туш, гапимга қулоқ сол!

Э, қаёқда дейсиз! Танабойни тўхтатиб бўпсиз.

— Қўйиб юбор! Қўйиб юбор! — бақирарди у жиловни тортиб, хотинининг устига от суриб, қамчини қарсиллатиб. — Қўйиб юбор, деяпман! Мен ўлдираман уларни! Ўлдираман!

— Қўйвормайман! Сен бирон кишини ўлдиргинг келяптими? Мени ўлдир!

Шу орада Жайдарга сақмончилар кўмакка югуриб келиб қолишди, қизлари чопиб келишди, қий-чув кўтаришди.

— Ота! Ота! Қўйинг!

Танабой жаҳлдан тушди, лекин ҳамон кетмоқчи бўлиб юлқинарди.

— Ушлама мени, ахир кўрмаяпсанми бу ердаги аҳволни? Ҳув анави қўзичоқлар билан турган совлиқларни кўрмаяпсанми ахир? Эртага биз уларни қаёққа қўямиз, том қани? Ем-хашак қани? Ҳаммаси ҳаром ўлади. Ким жавоб беради? Қўйвор!

— Ҳе, тўхтасанг-чи, тўхта. Хўш, майли, бординг ҳам дейлик, бақириб-чақириб жанжал-тўполон қилдинг ҳам дейлик. Хўш, бундан нима чиқади? Агар улар шу кунга қадар ҳеч нарса қилишмаган бўлса, демак, уларнинг бунга кучлари етмабди-да. Агар иложи бўлганда колхоз янги оғилхона қурган бўлмасмиди?

— Томини ёпиш мумкин эди-ку! Эшиклари қани? Деразалари қани? Ҳамма ёқ вайрона, қўйхонада қор, ўн йиллик қий чиқарилмаган. Буни қара, бу чирик хашак қанча вақтга етади? Ахир қўзичоқларга шунақа пичан бериладими? Қўй-қўзилар тагига нима тўшаймиз? Қўзичоқлар балчиққа ботиб ўлаверишсинми, а? Шундайми сенингча? Қоч, йўлимни тўсма!

— Бўлди, Танабой ўзингни бос. Нима, сен ҳаммадан ортиқмисан? Кўпчилик нима бўлса, биз ҳам шу-да. Тағин сени эркак дейишади-я! -Уялтирди хотини. — Яхшиси, нима қилиш мумкинлигини ўйлаб кўр, ҳали ҳам кеч эмас. «Туф» де уларга. Биз жавобгармиз, биз шу ишни қилишимиз керак. Мен ҳув анави жарликка тушаверишда қалин ўсган наъматакларни кўрдим, тўғри, тиканакли-ю, лекин уларни чопиб томни беркитса бўлади, устидан гўнг ташлаймиз. Қўй-қўзилар тагига эса қуврай ўришга тўғри келади. Агар ҳаво айниб қолмаса, бир амаллаб қишдан чиқиб оламиз…

Сақмончилар ҳам Танабойни тинчита бошлашди. У эгардан сирғалиб тушди, хотин-халажларга парво қилмай, ўтовга кириб кетди. Худди оғир касалликдан тургандай бошини хам қилиб ўтирди.

Уйда ҳамма жимиб қолди. Гаплашгани қўрқишарди. Жайдар тезак ёқиб қайнатилган қумғонни олдида, аччиқ қилиб чой дамлади. Кўзада сув келтириб эрининг қўлига сув қуйди. Озода дастурхонни ёзди, ҳатто қаёқдандир қант-қурслар ҳам топиб келтирди, ликобчага сариёғ тўғраб қўйди. Сақмончиларни таклиф қилишди ва чой ичишга ўтиришди. Эҳ, бу хотинлар-ей! Гўё меҳмонга келишгандай пиёлалардан чой ичиб ҳар балони гапириб ўтиришарди. Танабой жимгина ўтириб, чой ичди-да, сўнг ўтовдан чиқиб қўй қўранинг қулаб тушган тошларини қалай бошлади. Бу битадиган иш эмасди. Лекин қўйларни тунда қамаш учун бирон нарса қилиш керак-ку. Аёллар ҳам чиқишиб, тошларга ёпишишди. Ҳатто қизалоқлар ҳам тошларни кўтариб келтириш учун чиранишарди.

— Уйга жўнанглар, — деди уларга отаси.

У номус қиларди. Кўзларини ердан кўтармай тош таширди. Ҳақ гапни айтганди Чоро, Жайдар бўлмаганида Танабой бечора бошини омон сақлай олмасди.

 

***

 

Эртасига Танабой ўз оталиғидаги чўпонларни кўчириб келишга кетди. Кейин бутун ҳафта бўйи тинмай ишлади. У ҳатто шундай қаттиқ ишлаганини эслай олмасди. Ахир фронтда мудофаа линиясини кеча-ю кундуз ухламай қурган эмасмиди. Бироқ у ерда полк билан, дивизия билан, армия билан бирга эди. Бу ерда-чи, ўзи, хотини ва сақмончилардан бири. Иккинчиси эса яқин орага қўйларни ёйгани кетган эди.

Ҳаммадан ҳам қўйхонани гўнгдан тозалаш, наъматакларни кесиб келтириш қийин бўлди. Бутазор қалин бўлиб, турган-битгани тикан эди. Танабойнинг этиги йиртилиб, эскириб қолган солдатча шинели ҳам илма-тешик бўлиб кетган эди. Кесилган наъматак шохлари арқон билан боғланиб судраб келтириларди; тиканли бўлганидан на отга ортиб, на орқалаб бўларди. — Бештол водийси эмиш, ундан бешта тўнкани ҳам излаб тополмайсан, — сўкинарди Танабой. Бу лаънати наъматакни икки букилиб эгилиб, терга ботиб ташийверганларидан йўл то қўй қўрагача тирмалаб чашланган эди. Танабой хотин-қизларга ачинарди, бироқ, илож қанча. Улар хавотирда ишлашарди, иш орасида гоҳ-гоҳ ҳавога ҳам қараб қўйиш зарур эди. Ҳавонинг авзойи қалай? Қор уриб берса буларнинг ҳаммаси бир пул. У қўйлар қўзилаб қолмадимикан деб, хабар олиб келиш учун катта қизини отарга югуртирди.

Қўйхонани гўнгдан тозалаш ҳам оғир эди. Бу ерда шунчалик кўп гўнг бор эдики, уни ярим йил ичида ҳам ташиб чиқариш мумкин эмасди. Агар қўй қийи яхши том остида қуруқ ва шиббаланган бўлса, уни қирқиш ҳам кўнгилли бўлади. Бир-бирига зичлашиб, қотиб қолган қийни кессанг, палахса-палахса чиқади. Уларни қуритиш учун катта-катта уюм қилиб тахлаб қўйилади. Қўй қийининг чўғи ёқимли ва беғубор бўлади, қиш совуғида чўпонлар уни ёқиб исинадилар. Аммо гўнг, бу ердагидек, ёмғир ёки қор остида қолган бўлса, у ҳолда буни тозалашдан ҳам оғирроқ иш йўқ. Тинкани қуритадиган иш. Вақт эса кутиб турмайди. Кечалари ис босган фонарь ёруғида улар бу муздек, ёпишқоқ, қўрғошиндай оғир балчиқни зўр бериб замбилда ташир эдилар. Мана, уларнинг иккинчи сутка ишлашлари.

Қўйхона орқасига каттакон гўнг уюмини ташиб чиқаришган эди, қўйхонанинг ичи ҳали гўнг билан лиқ тўла. Кутиб турган қўзичоқлар учун, ҳеч бўлмаганда, қўйхонанинг бирон бурчагини очишга шошилишарди. Она-бола қўйларнинг ҳаммасини жойлаштириш учун бутун бир қўйхона торлик қилиб турган пайтда, бир бурчагини очиш нима деган гап, — кунига йигирматадан, ўттизтадан қўйлар қўзилаётган бўлса! «Нима бўлади?» — фақат шу ҳақда ўйларди Танабой, замбилга гўнгни солишда ҳам, ташиётганда ҳам, уни тўкиб қайтиб келаётганда ҳам. Шу тарзда ярим кечадан то тонг отарга қадар ҳадеб ўйлагани-ўйлаган. Гангиб қолиб, қўллари увушди. Бунинг устига шамол фонарни ўчирарди. Яхшики, сақмончилар зорланмади, Танабой ва Жайдар сингари ишлашди.

Орадан бир кун ўтди, икки, уч кун ўтди ва ҳоказо. Улар эса ҳамон гўнгни ташир, девор ва том тешикларини беркитар эдилар. Бир кун кечаси Танабой қўйхонадан замбил билан чиқаётиб отарда қўзичоқнинг маърагани ва она қўйнинг безовталаниб, унга жавобан оёқ тепишини эшитди. «Бошланди!» -юраги шув этиб кетди.

— Эшитяпсанми? — хотинига ўгирилиб қаради Танабой.

Улар бирдан гўнг солинган замбилни оёқлари остига ташлаб, фонарни ушлаганларича отар томон югуришиб қолишди. Фонарнинг хира нурида қўй галасини тимирскилаб қарай бошлашди. Қаёқда у? Ҳув ана, бурчакда! Совлиқ қўй ҳозиргина туғилиб қалтираб турган увоққина қўзичоқни ялаб турган эди. Жайдар уни барига солиб олди. Яхшиям ўз вақтида улгуришди, бўлмаса қўрада музлаб қолган бўларди. Уларнинг ёнгинасида яна бир совлиқ қўзилаганлигини кўрдилар. У эгизак туққан эди. Буларни Танабой плашининг этагига солди. Бештаси тўлғоқ тутиб, кучаниб маъраб ётган эди. Демак, бошланибди. Эрталабгача булар ҳам қўзилайди. Сақмончиларни чақиришди. Қўзилаган қўйларни қўйхонанинг ҳалиги наридан-бери тозаланган бурчагига жойлаштириш учун қўй қўрадан ажратиб чиқара бошладилар.

Танабой девор остига похол тўшаб, онасининг оғиз сутини биринчи татиб кўрган қўзичоқларни ётқизиб, уларнинг устини қоп билан ёпиб қўйди. Совуқ. Она қўйларни ҳам шу ёққа қўйиб юбордик-ку, — лабини тишлаганча ўйланиб қолди. Ўйлаб ўтиришдан нима фойда? Фақат бир иложини қилармиз деган умид қолди. Қанча иш, қанча ташвиш… Ҳеч бўлмаса похол етарли бўлганда эди, у ҳам йўқ. Иброҳим унга ҳам узрли сабаб топади. Йўлсиз тоғда похол ташиб кўрчи, дейди.

Э, нима бўлса бўлар, бориб сиёҳ солинган банкани олиб келди. Битта туғилган қўзичоқ орқасига икки, эгизакларига эса уч рақамини ёзиб қўйди. Она қўйларни ҳам худди шундай номерлаб чиқди. Юзлаб қўй қўзилагандан сўнг уларни бир-биридан ажратиб кўрчи.

Чўпонлар ишининг энг қизғин палласи бошланди. Бошланганда ҳам у худди мудофаадагидай, босиб келаётган танкларни ҳеч нима билан даф эта олмаган пайтдагидек шафқатсизлик билан бошланган эди. Сен эса окопда турасан ва ҳеч қаёққа кетмайсан, чунки кетиш мумкин эмас. Иккисидан бири — ё охиригача тик туриб олишиш, ёки ўлиш керак.

Танабой ҳар кун эрталаб қўйларни яйловга чиқариб юбориш олдидан, гўё ўз жабҳасини баҳолаётгандай, тепалик устида жимгина туриб атрофга қарарди. Унинг мудофаа линияси кўҳна, ярамайдиган эди. Бироқ, у туриб бериши керак. Унинг ҳеч қаёққа кетиши мумкин эмас. Ичидан саёз сой оқиб турган илон изига ўхшаш кичик бир дара дўнгликлар орасида сиқилиб турар, ундан кейин баландроқ тепаликлар, улардан кейин эса яна баландроқ қорли тоғлар қад кўтарган эди. Оппоқ ёнбағирлар тепасида яланғоч тош қоялари қорайиб кўринарди. У ердаги тоғлар устида ёппасига муз билан қопланган қиш ётарди. У бу ёққа қўлини узатиши мумкин. Фақат ҳаракатга келиши, пастга булутларни тушириб юбориши ва дарани туманликка ғарқ қилиб юбориши қолган. Кейин дарани қидириб тополмайсан.

Ҳаво айниб, осмон кулранг тусга кирган эди. Пастлаб шамол эсарди. Теварак бўм-бўш. Тоғлар, ҳамма ёқда тоғлар, қўрқувдан кишининг юраги музлаб кетади. Хароба қўйхонада қўзичоқлар маърашарди. Отардан қўзилай деб қолган яна ўн бош совлиқни ҳайдаб келишди, қўзиласин деб қўйхонада қолдиришди.

Қўй галалари жиндай бўлсада, хашак топиш учун секин юриб кетди. Энди яйловда ҳам улардан кўз-қулоқ бўлиб туриш керак. Шундай пайтлар ҳам бўладики, совлиқнинг яқин орада қўзилаши мумкин эканлигини билиб бўлмайди. Кейин, бирдан бутанинг орқасига боради-да, бўшаб олади. Агар вақтида қаралмаса қўзичоқ зах ерда ётиб, шамоллаб, касалланиб нобуд бўлиши мумкин.

Шундай бўлса ҳам Танабой тепаликда узоқ туриб қолди. Қўлини силтаб, қўйхона томон юриб кетди: у ерда ишлар ҳали кўнгилдагидек эмас эди. Ҳали нималардир қилиб улгуриш керак эди.

Кейин Иброҳим етиб келди, у ун келтирган эди. Кўзлари ҳаёсизларча боқарди… Қаёқдан олиб бераман сизга саройни? — дерди. Колхоздаги қўйхоналарнинг ҳаммаси шунақа. Бошқаси йўқ. Коммунизмга етганимиз йўқ ҳали.

Танабой унга мушт кўтариб ташланишдан ўзини аранг тутиб қолди.

— Бу ерда сенинг пичингингга бало борми? Мен иш ҳақида гапиряпман, мен иш ҳақида ўйлаяпман. Мен жавобгарман.

— Демак, мен сизнингча, ўйламаётган эканман-да? Сиз қандайдир бир отар учун жавоб берасиз, мен эса ҳаммаси учун, сиз учун, бошқалар учун, бутун чорвачилик учун. Менга осон деб ўйлайсизми? — Бу олғирнинг бирдан инграб юборганидан Танабой ҳайратда қолди, у кафтлари билан кўз ёшларини арта туриб ғўлдиради: — Мен судга тушаман! Судга! Ҳеч қаердан ҳеч нарса ололмайсан. Одамлар сақмончиликка ҳатто вақтинчаликка ҳам боришмаяпти. Мендан, бошқа ҳеч нарсани кутманг ҳам. Мен беҳуда, беҳуда бу ишга ўтган эканман…

Шундан сўнг бирон тайинли гап айтмай, содда Танабойни хижолатга қолдириб чиқиб кетди. Кейин уни бу ерда бошқа кўришмади.

Ҳозирча биринчи юз бош совлиқ қўзилади. Водийнинг юқори қисмига жойлашган Эшим билан Бектойларнинг отарида қўзилаш ҳали бошланганича йўқ эди, лекин Танабой офат келаётганлигини сезганди. Уларнинг ҳаммаси, катта ёшдаги уч киши ҳамда олти яшар катта қизи ҳозир қўйларни боқиб юрган қари чўпон, аёлни ҳисобга олмаганда, қўзичоқларни артиш, оналарининг олдига олиб бориш, нима билан бўлса ҳам иситиш, гўнгларни ташиб чиқариш, тўшаш учун хашак ташиб келишга аранг улгуришарди. Қўзичоқларнинг очликдан маъраб қичқирган овозлари эшитила бошлади, уларга сут етишмасди, ҳолдан тойган она қўйларнинг эмизиш учун сути йўқ эди. Олдинда нималар кутяпти?

Чўпонларнинг бош қашишга қўли тегмайдиган кунлари ва тунлари бошланди. Қўйлар шу даража кўп қўзилай бошладики, улар нафас олишга ҳам имкон бермасди.

Кеча ҳаво уларни бир қўрқитди! Бирдан қаттиқ совуқ бошланиб, қора булутлар осмонда ўрмалай бошлади, қуруқ қор ёға кетди. Ҳамма нарса туманликка чўкиб, қоронғилашди…

Бироқ булутлар тезда тарқалиб ҳаво илий бошлади.

(давоми бор)

Чингиз АЙТМАТОВ

Читайте на сайте


Smi24.net — ежеминутные новости с ежедневным архивом. Только у нас — все главные новости дня без политической цензуры. Абсолютно все точки зрения, трезвая аналитика, цивилизованные споры и обсуждения без взаимных обвинений и оскорблений. Помните, что не у всех точка зрения совпадает с Вашей. Уважайте мнение других, даже если Вы отстаиваете свой взгляд и свою позицию. Мы не навязываем Вам своё видение, мы даём Вам срез событий дня без цензуры и без купюр. Новости, какие они есть —онлайн с поминутным архивом по всем городам и регионам России, Украины, Белоруссии и Абхазии. Smi24.net — живые новости в живом эфире! Быстрый поиск от Smi24.net — это не только возможность первым узнать, но и преимущество сообщить срочные новости мгновенно на любом языке мира и быть услышанным тут же. В любую минуту Вы можете добавить свою новость - здесь.




Новости от наших партнёров в Вашем городе

Ria.city
Музыкальные новости
Новости России
Экология в России и мире
Спорт в России и мире
Moscow.media






Топ новостей на этот час

Rss.plus





СМИ24.net — правдивые новости, непрерывно 24/7 на русском языке с ежеминутным обновлением *