Добавить новость
World News in Uzbek
Новости сегодня

Новости от TheMoneytizer

АРОСАТЛАР ОРОЛИ… (20-қисм. Биринчи фасл)

* * *

 

Кўзимни очганимда, квартирадаги каравотда ётар, тепамда қайним, Олим ака ва Соҳиба опалар хомуш ўтиришарди.

Ҳануз ҳеч нарсани идрок этмасдим. Қулоқларим остида Наргизанинг сўнгги ҳайқириғи янграрди.

Секин ўрнимдан туриб ўтирдим-да, атрофга алангладим.

— Ҳа, ука, тузукмисан? — хавотир аралаш сўради Олим ака икки елкамдан маҳкам сиқиб. — Нима бўлди? Кимни излаяпсан?

— Наргиза! — дедим хириллаб. — Наргиза мени чақирганди. У шу ерда бўлиши керак.

— Йўқ, сен қаттиқ асабийлашганинг учун шундай туюлган, — мени юпатди Олим ака. — Наргизани қабрга қўйиб келдик-ку, ука!

— Биламан. У билан гаплашдим, нега ишонмайсизлар? Иккаламиз бекинмачоқ ўйнадик. Анча гаплашиб ўтирдик… Наргизамнинг ҳеч қаери оғримаяпти экан. Жони тинчланиб, ўзини жуда яхши ҳис эта бошлабди. Ўзи айтди.

— Хайрият, — пиқиллаб йиғлаганча гапга аралашди Соҳиба опа. — Ҳеч қурса, ўлгандан кейин ором олаётган экан. Ишқилиб рост бўлсин!

Олим ака хотинининг бу гапидан сўнг унга бир ўқрайди. Аммо қайнимга сездирмай, зўрма-зўраки жилмайиб курсида турган пиёладаги чойни қўлига олди.

 

* * *

 

Ҳаш-паш дегунча орадан бир ой вақт ўтиб, Наргизанинг маросимлари ҳам тугади. Уйдан фотиҳачиларнинг қадами ариди.

Мен кундан-кун тушкунликка туша бошлагандим. Айниқса, қоронғи тунлари бирдан уйқум қочар, марҳумамни қўмсар эдим. У билан қайта тиллашгим келарди, лекин яқинларидан андиша қилиб, дилимдагини тилимга кўчира олмасдим. Қолаверса, мени кейинги ҳаётим қандай кечиши изтиробга соларди. Ишдан ҳам кўнглим совиган, йўлигагина қатнар, ишхонамнинг остонасидан ҳатладим дегунча ортга қайтгим келаверарди.

Охири бўлмади. Ичимдагини Олим акага тўкиб солдим.

— Ака, энди мен кетсам, — дедим қовоғимни уйиб. — Мана, Наргиза ҳам йўқ. Буёғига ҳаётимни йўлга қўймасам бўлмайди шекилли.

— Бекорларни айтибсан, — уришиб берди Олим ака. — Ҳеч қаерга кетмайсан. Мана шу уйда яшайверасан. Бизга бегона эмассан-ку!

— Ундай қила олмайман. Бу уй менга фақат Наргизани эслатади. Азобланаяпман. Унутишим керак. Чалғишим зарур.

Олим ака бу гапимдан кейин пича ўйланиб қолган бўлди. Ора-сирада залга қамалиб олган кўйи қайсидир қўшни билан гаплашаётган Соҳиба опа тарафга алам аралаш қараб қўйди. Сўнгра қаддини ростлаб менга аянли боқди.

— Бир жиҳатдан сен ҳақсан. Бир-бирингизга қаттиқ ўрганиб қолгандингиз. Сал бўлмаса ақлдан озай дединг… Эҳ, сени қийнаб қўйдим-да, Қодиржон, қийнаб қўйдим!.. Фақат… Мени кечиргин! Ахир, қайнсинглимнинг ўлиб қолишини қайдан билибман? Бахтли бўлсаларинг, бола-чақа орттирсаларинг, савоб бўлармиди девдим-да! Майли, ўзинг биласан. Ажабмас, ўзингга муносиб қизни учратсанг. Лекин ҳайитда, Наргизанинг йил маросимида албатта келгин. Келмай қолсанг, опа-сингиллари ранжишади.

— — Хўп, — дедим секин ўрнимдан қўзғалиб. — Мендан хавотир олманг. Бир танишим бор. Ҳов ўша ўзингиз қидириб борган Ваня амаки. Ўшаникида вақтинча бўлсаям ижарада тура тураман. Кейин бир гап бўлар.

— Қани, унда, ука, бир ачомлашиб хайрлашайлик!

Олим ака билан қучоқлашиб хайрлашдик. Шундан сўнг апил-тапил нарсаларимни йиғиштирдим-да, ташқарига отилдим.

Соҳиба опа билан хайрлашишни хоҳламадим. Шу тобда у кўзимга худди илон каби совуқ кўринарди.

 

* * *

 

Катта кўчага чиққанимдан сўнг фикрим ўзгарди. Ишдан воз кечишга қарор қилдим. Ваня амакиникига ҳам боргим келмади.

— Қишлоғимга бораман, — дедим ўзимга ўзим. — Ўзим юрган, болалигимда чангитиб юрган кўчаларни соғиндим. Мириқиб томоша қиламан. Баҳонада бувижонимни кўраман. Асосийси, ёлғиз қоламан. Чин дилдан Наргизамни чақираман. Суҳбатлашамиз, ўзи айтганидек юзларини силайман. Кўнглим таскин топади. Кейин пешонамдагини кўрарман. Ўлмасам бир кунимни кўраман-да! Э, ўлсам ҳам розийдим. Тезроқ Наргиза билан топишардим… Йўқ, нималар деб валдираяпман ўзим? Худога ширк келтираяпман-ку! Одамзот пешонасига ёзилган умрни кечирмасдан ҳеч қаёққа кета олмайди… Яхшиси, яхшироқ даромад келадиган иш топаман. Балки Ваня амакидан бирор жўяли маслаҳат чиқиб қолар. Ҳар ҳолда шаҳарлик. Йўл-йўриқ кўрсатиб юборса, уёғини уддалаб кетармидим…

Шундай хаёллар билан чўнтагимдаги пулларни чамаладим. Бемалол бориб келсам бўларкан. Таваккал автобусга ўтирдим-да, йўлга чиқдим…

 

* * *

 

Водийга қатнайдиган машина ўқдек учиб борарди. Ёнимда икки кекса одам мудраб ўтирибди. Ҳайдовчи эса ёқимли мусиқани варанглатган. Куй оҳангига чайқала-чайқала, аҳён-аҳёнда қўшиққа жўр бўлиб ҳам қўярди.

Беихтиёр кўз ўнгимда она қишлоқ гавдаланди. Чанг кўчаларда ёмғир ёғса, юриб бўлмасди. Оёқ лойга ботарди. Болалигимда шунга қараб ўтирмай, ариқ сувига бувижоним ёпган иссиқ нон бўлагини оқизардим. Кейин ўн-ўн беш метр нарига бориб нонни сувдан кўтариб олардим-да, иштаҳа билан ердим. Таъми ҳам ажабтовур эди у ноннинг.

Зериксам, икки ёни кенг далалардан иборат зовур бўйига чиқардим. Бу ер жуда сокин эди. Зовур суви остидан таралаётган қурбақаларнинг қуриллашини эшити-иб пинакка кетардим. Шу кўйи тўйгунча ухлардим…

Эсиз, ўша дамлар аллақачон ортда қолди. Улғайганимдан кейинги ҳаётим эса заҳру заққумга айланди. Афсус…

Бир маҳал таниш овозни эшитдим ва дарров сергак тортдим.

— Қодир ака, мен келдим!..

Ҳа, бу Наргиза!.. Худди ўзи! Наҳотки орқамдан қувлаб келган бўлса? Қандай етиб олди менга?.. Ҳа-я, руҳлар учиб юради дейишади-ку! Етиб олиш уларга чўтмиди.

— Жоним, ростдан ўзингизмисиз? — бор овозда бақириб юбордим.

Қичқириғимдан ёнимдаги иккала чол ҳам баравар сакраб тушди. Улардан бири мен томон юзланиб қўл силтади.

— Секинроқ бақир-э, бола! Одамнинг ўтакасини ёриб юбораёздинг-ку!

— Ўзи нимага бақирди бу? — ёнидаги чол савол назари билан ҳамроҳига боқди. — Жинни-пинними?..

— Сан анақароқ шекилли, — деди униси. — Йўқса, ўтириб-ўтириб бирдан бақирмасди. Жин чалганми нима бало? Вей, йигит, уйга боргандан кейин ўзингни ўқитиб юборгин! Эсингдан чиқмасин! Жинлар ёмон бўлади-ҳа!

— Ким билсин? Балки ёмон туш кўргандир?

Мен уларнинг гап-сўзларига, танбеҳларига эътибор қиладиган аҳволда эмасдим. Вужудим қулоққа айланган, Наргиза билан суҳбатлашишга тушиб кетгандим.

— Мен қишлоққа кетаяпман, — дедим Наргизага. — Уйингизда ортиқ қололмасдим. Қайси хонага кирсам, сизни эслатаверади, қийналавераман.

— Тўғри қилибсиз, — кулги аралаш сўз қотди Наргиза. — Менсиз уйда нима бор сизга? Ундан кўра бахтингизни изланг. Сизни ёлғиз кўриш мен учун азоб, азизим. Илойим тинч бўлинг!

— Тўхтанг! Шошманг! — янада қаттиқроқ бақириб машина ойнасидан ташқарига мўраладим. — Ахир, биз…

— Э, бўлди-да! — бобиллаб берди ёнимдаги чол. — Кимминан гаплашаяпсан ўзи?

— Телефонда гаплашаяпман! Нима дейсиз? — мен ҳам бўш келмай чолга ўшқирдим. — Гапингиз борми?

— Тилпонинг йўқ-ку! Ёлғон гапирма!

— Чўнтагимда! — дедим-да, тескари ўгирилиб тағин Наргизага сўз қотдим. — Кетманг, гўзалим, кетманг!

— Бас, кўп гаплашиб юбордик, — деди Наргиза маъюсланиб. — Энди қишлоққа борганингиздан кейин суҳбатлашамиз, хўпми?

— Майли, — дедим бўшашиб. — Сизни кутаман!

Шундан сўнг анча хотиржам тортдим. Қариялар эса анча маҳалгача устимга мағзава ағдаришдан, баъзида масхаралаб кулиб олишдан бўшамади.

 

* * *

 

Ниҳоят қишлоғимиз рўпарасида машинадан тушиб қолдим. Қўлимдаги майда-чуйдалар солинган сумкани елкамга илганча ариқ ёқалаб бувижоним яшайдиган ҳовли томон юрдим.

Қишлоқ ҳавоси бошқача эди. Бу ҳаводан нафас олиб тўймайсан киши.

Йўл-йўлакай далаларни тўлдириб тариллаётган тракторларни, чангга ботиб кетмон чопаётган деҳқонларни кузатдим. Қанчалар тотли бу лаҳзалар, Худойим! Кошкийди менинг ҳам шу қишлоқда ўз уйим бўлса! Мен ҳам ҳов анави одамлар каби хумордан чиққунча кетмон чопсам. Меҳрибон аёлим бўлса-ю, ҳар куни дала бошига тушлик кўтариб келса. Бир этак болаларим уйга кириб келганимда, чанг қоплаган бўйнимга осилиб олишса. Ҳар куни ишдан кейин кўча бошидаги қувурга бориб қўни-қўшни, тенг-тўшлар билан мириқиб суҳбат қурсам. Ҳазил-ҳузуллардан кўнглим яйраб яна уйга қайтсам. Худойим, нега мен сарсонман? Нима учун пешонамга мусофирчиликдан бўлак тақдирни ёзмадинг?

Кўнглим бузилди. Кўзларим жиққа ёшга тўлди. Ўзимни ўзим овутишга уриндим. Ариқ тўла сувга боқиб бироз тинчланган бўлдим-у, йўлимда давом этдим…

Ҳовли эшиги ланг очиқ. Ҳовлини ўраб турган кесак деворнинг ҳар ер ҳар ери нураб тушибди.

Нормат тоғамнинг трактори кўринмасди. Кеннойимнинг ҳам овози эшитилмаяпти. Демак, улар далада. Бемалол кириб келсам бўлаверади.

Оҳиста остона ҳатлаб ичкарига қадам қўйдим. Бувижоним менга терс ўгирилганча ўзича қўшиқ хиргойи қиларди.

Осмондаги самалот,

Қанотингни пастлаб ўт,

Қанотингга хат битай,

Қодиримга ташлаб ўт!

Шунчалик қараб туришга бардошим етмади.

— Бувижо-он! — дея бақириб юбордим.

Бувим кескин орқасига ўгирилди-ю, шошиб қолди. Даст ўрнидан турмоқчи бўлди, аммо кучи етмади. То қаддини ростлагунча югуриб бориб уни қучоқлаб олдим. Шу заҳоти димоғимда ўзим учун қадрдон, ёқимли ҳид туйиб кўнглим бўшаб кетди.

— Бувижоним! — дедим меҳрибонимнинг юзларидан қайта-қайта ўпиб. — Бормисиз? Мен сизни жудаям соғиниб кетдим, бувижон, жудаям!

Бувим индамасди. Пиқ-пиқ йиғлашдан, ора-сирада сочларимни сийпалаб қўйишдан нарига ўтолмасди.

Шу алфозда бир неча дақиқа турганимиздан кейин бувим сал ўзини босиб қўлтиғимга кирди ва мени ток остидаги сўрига етаклади.

— Хайрият, омон экансан, — деди йиғламсираб. — Сени кўрмай ўлиб кетаманми деб қўрқувдим, хайрият.

— Унақа деманг, буви! Ҳали кўп яшайсиз.

— Сени соғинганимдан самалотларга ялинаётгандим-да! Қуриб кеткурлар сира пастлай демайди-я сенга хат берворай десам!.. Болам, анави ўгай отанг ўлгур сени хотиниминан ажрашибди, кўчада қолибди, бошқасига уйланганакан, уям ўлиб берибди, энди Қодир расво бўлиб тиланчилик қилармиш деди. Шу ростми?

Бу гаплардан бир кулгим, бир хўрлигим келди. Жавоб ўрнига бувижонимнинг елкасига бош қўйганча анча вақт жим туриб қолдим.

 

* * *

 

Энди кетмасам бўлмасди. Бу уйда ҳам менга ўрин йўқлигини яхши идрок қилиб турибман. Бувим буни айта олмаяпти холос. Юзларидаги хавотир сирларини ошкор этиб қўйяпти. Йўқ, қариган чоғида тағин бир балога йўлиқтирмай. Яхшиси, туман марказидаги меҳмонхонага бора қолай. У ерда менга ўхшаганлар кўп. Фақат мендан битта фарқли жиҳатлари бор. Уларнинг барчаси ўзга шаҳарлардан бозор-ўчар қилишга келишади. Мен бўлсам, ўз юртимда, киндик қоним тўкилган қишлоқда ҳам мусофирман. Ўша меҳмонхонадан бўлак масканга сиғмайман. Ҳозир йўл-йўлакай онамни бирров кўраман-у, йўлга тушаман. Ҳар ҳолда мени оқ сут бериб боққан. У кишини норози қилсам бўлмас…

Онам яшайдиган ҳовли ичкарисидан Нурмат қоранинг бақир-чақири кўчага аниқ-тиниқ эшитилиб турарди. У томорқада турганча кимнидир бўралаб сўкарди. Эътибор қилмасликка уриниб секин дарвозадан мўраладим. Онам шундоқ ток остида пахта саваётган экан. Дарвоза ғийқиллаб очилганини эшитгач, шошиб орқасига ўгиррилди ва мени кўрди-ю, «ие, ие» деганча ўрнидан туриб кетди.

— Бор, чиқ, ўзбошимчанг келди! — деди Нурмат қора менга кўзи тушгани ҳамоно сўкинишдан тўхтаб. — У кунги нарсаниям сўраб қол. Тағин қочиб қолмасин!

Ўгай отам нимани сўраш кераклигини назарда тутгани мени қизиқтирмасди. Менга пешвоз чиққан онамга кўришиш учун елка тутдим.

— Яхши юрибсанми, болам? — пичирлаб сўради онам кўз ёшларини кўйлаги енгига арта-арта. — Шарифаминан ажрашибсан, Наргиза ўтиб қопти деб эшитдим. Ростми?

— Рост. Пешона экан. Ўзингиз яхшимисиз?

— Гўр бўлармидим, болам? Яшаяпмиз-да бир амаллаб!

— Сизни бир кўриб ўтай девдим. — дедим гапни чўзмасликка уриниб. — Мана, кўрдим, тузук экансиз. Энди мен борай. Ҳали замон кеч тушади. Меҳмонхонага етиб олмасам, жойлар тўлиб қолади.

— Меҳмонхона?..

Онам нимадир демоқчи бўлди. Лекин дилидагини тилига кўчира олмади. Ичкарига бир қараб қўйди-да, бош эгди.

— Майли, бошинг омон бўлсин, ишқилиб! Йўқ бўлиб кетмагин. Ўтган-кетганда бўлсаям кириб тургин!

— Хўп, яхши қолинг!

Мен кетишга чоғландим. Шунда онам секин елкамдан тутиб сўради:

— Қодиржон, пулинг борми?..

Бу саволни эшитдим-у, танамга илиқлик югуриб, кўзларим чақнади. Онамга ҳам ачиниш, ҳам меҳр билан боқдим.

— Пулим бор, хавотир олманг!

— Йўқ… — деди онам ҳануз елкамни қўйиб юбормай. — Ростини айтгин…

— Бор дедим-ку! Менга берадиган пулингизни ўзингиз ишлатинг! Мендан хавотир олманг!..

— Болам, хафа бўлмагин-у… — бу гал онамнинг товуши титраб чиқди. — Отанг тайинлаганди.

— Нимани тайинлаганди? — сўрадим сергак тортиб. — Тинчликми?..

— Уйдан чиқиб кетаётганларингда… Шарифанинг сумкасига бир коса қаймоқ солиб қўйгандим. Ўшанинг пулини… Отанг «бериб кетсин» деганди-да!..

— Нима?..

Кутмагандим. Ўйламагандим. Тасаввур ҳам қилмагандим. Бу гап миямга яшиндек урилиб, карахт бўлаёздим. Қаймоқ воқеасини сира эслай олмасам-да, аламим келди.

Худди кечирилмас айб иш қилган бола каби каловланиб қолдим. Нима дейишни била олмай гаранг бўлдим.

«Наҳотки туққан онам мендан бир коса қаймоққа пул сўраса?» деган савол кўксимни кемира бошлади.

Бир неча дақиқалик сукут орасида хаёлимдан кўрган кунларим, яхши-ёмон кимсалар ўтди. Қопқонга тушган жонивордек уларни эсга олганим сайин безовталанавердим. Лекин онамга бу ҳолатимни сездирмадим. Лаб тишлаб титроқ тўла қўлларимни чўнтагимга солдим ва пул чиқариб онамга узатдим.

— Мана, олинг, она, — дедим иложи борича мулойимлик билан. — Қарз қиёматга қолмасин!..

Онам қўрқа-писа пулларни қўлимдан олди-да, пича иккиланиб тургач, бошини ердан кўтармай ичкарига кириб кетди.

Кириб кетаётганда кўрдим. Онамнинг кўзларидан дув-дув ёш оқарди.

 

* * *

 

Ўзимни қанча чалғитишга уринмай, онамнинг тутган иши бағримни эзиб, тушкунлик ботқоғидан халос бўла олмасдим. Пул берганим алам қилмасди. Қадрсизлигимга ачинардим. Баттар азобланмаслик учун алламбалолар ҳақида ўйлашга ҳаракат қилардим-у, иложини тополмасдим. Нимани ўйлай? Ҳаётимда кўнглимни кўтаришга арзигулик бирор воқеа бўлмаса. Ёлғиз ўғлимни кўз олдимга келтирсам, соғинч ҳисси қалбимни кемира бошлайди. Бувижонимнинг меҳрибонликлари хаёлимга келди дегунча, қишлоқни қўмсаб қийналаман. Манави машинадагиларга ҳам чалғий олмаслигим тайин. Негаки, улар менга ёқмайдиган мусиқани варанглатиб қўйиб олишган. Ёнимдаги хўппа семиз аёл эса беўхшов оҳангда шеригига нималарнидир уқтириб асабга тегарди.

— Наргиза келмай қўйди, — кутилмаганда хаёлимга келган ўй бошимни кўтаришга, атрофга аланглашга мажбур этди. — У мендан ростакамига воз кечди. Нега алдади? Кечадан бери овозини эшитмадим. Наҳотки, мени тинчлантириш учун ёлғон гапирган бўлса? Кутишимни, оромимни йўқотиб, ҳижрон оловида кул бўлишимни ўйламадими? Йўқ, нималар деяпман? Шунча кун Наргиза билан тиллашишим аҳмоқлик бўлса керак. Энди фикрларим тиниқлаша бошлагандек туюлаяпти. Олим ака ҳақиқатни айтган. Марҳумлар ҳеч қачон тириклар билан гаплашишмайди. Бу қаттиқ асабийлашганимдан дарак эди холос. Ҳа, худди шундай эди. Яхшиси, катта шаҳарга етганимдан сўнг қабристонга бориб Наргизанинг ҳақига билганимча дуо ўқийман. Ақлини йиғиб олганлар шундай йўл тутишади. Ҳадеганда хаёлотга берилавериш, ўзгалар кўзига телбадек кўринавериш яхшиликка олиб келмайди. Бундан кўра кейинги ҳаётим ҳақида қайғурсам бўларди. Ҳали олдинда ижарада яшаш, ўқишни уддалаш, тирикчиликдек оғир машаққатлар турибди. Буларга дош беришнинг ўзи бўлмайди. Мана, тайёр ишдан ҳам воз кечиб ўтирибман. Энди ким мени бошимдан силаб мухбирлик курсисига ўтқазиб қўярди. Ҳеч ким. Умуман, бу ҳолатимда биргина ойликка қараб яшай олмаслигим ҳам мумкин. Яхшиси, пул топишнинг бошқачароқ йўлларини излайман. Шундай қилайки, ижара ҳақи, ўқишим ва кундалик ҳаётимга бемалол етсин.

Шундай хаёлларга кўмилиб ўтирганимда машина катта йўл четидаги ошхона рўпарасида тўхтади.

Ҳамроҳларим тушлик қилишни ихтиёр этишибди.

 

* * *

 

Хўппа семиз аёл ҳам мен каби овқат тановул қилишни хоҳламади. Икковимиз йўл четидаги писта, сигарет, қанд-қурс сотаётган кекса кампирнинг ёнига бориб нафас ростлаган бўлдик.

Аёл бир неча марта менга ер остидан разм солди. Ҳойнаҳой, нимадир демоққа шайланди. Лекин тилини тийди.

Шу кўйи беш-ўн дақиқа ўтириб қолдик.

Мен ҳануз асабийлашардим. Миямни бўлар-бўлмас хаёллар чулғаб олганди. Шу тобда арзимаган ёқимсиз товуш ҳам асаб томирларимни таранглаштирар, ора-сирада тишларим беихтиёр ғижирлаб кетарди.

— Писта чақсангиз бўларкан, — ниҳоят гап ташлади хўппа семиз аёл. — Нимадандир жаҳлингиз чиқаяпти, ука. Писта тинчлантиради.

— Ростданми? — сўрадим худди калаванинг учини топган тўқувчидек қувониб. — Шу писта тинчлантирадими?

— Албатта-да! Бир сиқим олиб чақиб кўринг, кейин биласиз. Дарров асабларингиз тинчланиб, хотиржам тортасиз.

Рост экан. Пича пистани «эрмак» қилгандим, ҳийла ўзимга келгандек бўлдим. Дунё кўзларимга бошқача кўрина бошлади.

Аёлнинг эса ҳануз оғзи тинмасди.

— Мана шу хотин-чи, — деди шивирлаб. — Ўлай агар, бир кунда писта, сигарет, қанд-қурсдан камида эллик-олтмиш минг сўм даромад қилади. Ҳа, зўр топади булар!

— Йўғ-э, — дедим ҳайратим ошиб. — Шу арзимаган пистадан-а?

— Ие, нима деяпсиз? Бир кило пистани тўрт мингга сотиб олса, майдалаб сотгач, ўлдим деганда икки-уч баравар «навар» ташлаб кетади.

— «Навар»ингиз нимаси? — чақчайиб аёлга боқдим.

— Даромад дегани, фойда. Энди тушундингизми?

— Ҳа-а, — соддаларча бошимни сарак-сарак қилдим. — Шунақа демайсизми?!. Ҳеч ким индамайдими?

— Солиқчиларни назарда тутаяпсизми?

— Ҳа-да! Ҳужжатсиз соттирмайди дейишади-ку!

— Э, тирикчилик қиламан деган одам йўлини топади-да! Муомала қилади, келишади.

Бу гапларни эшитгач, сергакланиб қолдим. Ўзимча бир кунлик, кейин бир ойлик, йиллик даромадларни хомчўт қила бошладим. Ҳа, одамнинг оддий писта сотиб ҳам бойиб кетиши ҳеч гапмас экан. Оҳ, ҳозир катта шаҳардаги бозорлардан бирида ўтириб мен ҳам пистачи хотин каби қўлим-қўлимга тегмай савдо қилсам-чи!.. Ана, пул дегани ўзи оқиб келаяпти. Бунақанги пулни бир умр бурнинг ерга ишқалиб ишлаганда ҳам тополмайсан. Фақат сал абжирроқ, шинавандароқ бўлсанг бас экан. Уёғи хамирдан қил суғургандек кетаверади.

Ҳа, мен ҳам манзилга етганимдан сўнг пистачилик хусусида бир ўйлаб кўраман. Ваня амакига маслаҳат соламан. Балки ўйлаганларим шунчаки хаёл эмасдир.

 

* * *

 

Сершовқин шаҳарга хуфтонга яқин кириб келдим. Машинадан тушдим-у, нафасим бўғилган каби ўзимни абгор ҳис эта бошладим. Шаҳардаги ҳар бир қиёфа кўзимга совуқ кўринар, ҳар бир бурчак, кўча, уй, бекат яқин ўтмишимни ёдга соларди.

Ана, ҳов анави автобусга ўтирганимда тўғри Наргиза ётган қабристонга борган бўлардим. Нима қилсам экан? Борсаммикан? Кечаси-я? Ким мени қабристонга киритарди? Амаллаб кирган тақдиримда-чи? Зулмат қаъридан Наргизамни қандай топай? Арвоҳлар ҳам биз каби одамлар бўлса керак. Чарчаб дам олишар, ёки аллақаёқларга парвоз қилган бўлиб чиқишар…

Қуриб кетсин! Тағин бошланди шекилли. Ўзимга ўзим арвоҳлар ҳақида ўйламасликка сўз бермаганмидим? Ўлган ўлди-кетди. Энди ортга қайтмайди. Ҳадеб аҳмоқларча ўй суравермасам бўлмайдими?.. Қачонгача шу кўйда яшайман? Қачон бошқалар сингари келажак ҳақида қайғураман?

Ҳиссиётларимни аранг жиловлаб Ваня амаки яшайдиган уй томон йўл олдим. Айни паллада менга фақат шу одамгина ҳамсуҳбат, ҳамдард, суянчиқ бўла олишидан умидвор эдим. Чунки бу шаҳарда этагидан тутишга арзийдиган ҳеч кимим қолмади. Олим аканинг олдига боришга истиҳола қиламан. Кўнглига ҳар хил гаплар келишидан қўрқаман. Қолаверса, уларни кўрсам, қайтадан қийналиш, бўлмағур ўйлар гирдобида қолишдан-да даҳшатли лаҳзалар бўлмайди мен учун…

Ваня амакининг квартира эшиги ланг очиқ, ичкаридан маст-аласт кишиларнинг алмойи-алжойи суҳбатлари подъездга барала эшитилиб турарди.

Эшикни бир-икки тақиллатганимдан сўнг остонада мен учун қадрдон Ваня амаки пайдо бўлди. Фақат унинг яхшигина кайфи бор экан. Мен билан кўришиб ўтирмай, қўли билан «киравер» ишорасини қилди холос.

Мен уй эгасининг амрига бўйсунган ҳолда ўзим учун ажратилган хонага кириб эшикни ичкаридан тамбалаб олдим.

Шуниси маъқул эди. Пиёнисталар билан ҳамсуҳбат бўлишга, уларнинг бўлар-бўлмас «ҳасрат»ларини бардош қилиб тинглашга ўрганмаганман.

 

* * *

 

Шу тахлит ярим соатча хонада ўтириб қолдим. Безовталигим баттар орта борди. Миямда қарама-қарши хаёллар ғужғон ўйнай бошлади. Ўзимни ҳеч кимга кераксиз, нотавон кимсадек ҳис этдим. Ёруғ дунёга боқишдан бездим. Қалбимни нафрат олови куйдириб, қаерларгадир бош олиб кетгим, узлат бағрига сингиб, буткул йўқ бўлиб кетгим келаверди.

Ортиқ бу аҳволда ўтира олмасдим. Нимадир қилишим керак. Ўзимни чалғитмасам бўлмайди. Ҳарқалай, ҳаёт давом этаяпти. Жар тубидаги одам ҳам барибир юқорига интилади, нафас олгиси, яшаб қолгиси, келади.

Ўйлай-ўйлай, пиёнисталар ўтирган хонага чиқишга аҳд қилдим. Ичкилик ичсам, барча ташвишлар унут бўладигандек туюлаверди.

Аста эшикни очиб Ваня амакининг хонасига мўраладим. Увадаси чиққан кўрпача тўшалган темир каравотда лунжи осилиб тушган, яккам-дуккам тишлари қинғир-қийшиқ ёши элликлардан ошган бир аёл, унинг ёнида Ваня амаки тенги пиёниста эркак ўтирарди. Хона ичини сигарет тутуни ва ичкиликнинг бадбўй ҳиди тутганди. Тутунлар орасида Ваня амаки сузиб юргандек эди. У улфатларини ароқ билан сийлар, кетидан газак учун қотган булка нон бўлагини тутқазарди.

— И-ие, кел ука! — Ваня амаки мени кўрди-ю, гандираклаганча келиб билагимдан тутди. — Ўтир манави ерга!

Сўнгра улфатларига таништирди.

— Бу йигит яқин танишим! Жа зўр улфат чиқади бундан. Қани, ароқни қўлингга ол! Нега тортинасан? Олсанг-чи!

Мен пиёнисталарга хавотир аралаш қараб олдим-да, Ваня амаки узатган ароқ тўла пиёлани қўлимга олдим.

Ишонардим. Ҳозир шу оғудан тўйиб ичсам, албатта енгил тортаман. Қайғулар, ваҳима-ю, ҳаяжонлар барҳам топади. Қотиб ухлайман. Жоним ором олади.

 

* * *

 

Орадан бир ярим соатча вақт ўтди. Эски, сарғайган газета тўшалган курсининг усти бўшаб қолди. Ароғи қолмаган шишалар каравот остига думалади. Пиёниста аёл икки оёғини астойдил узатган кўйи каравотда ётганча гўё трактор каби хуррак ота бошлади.

Ваня амаки ва унга улфат эркак ҳам аллақачон ғўлдираб қолишганди. Ўзларича бир-бирларига алламбалоларни исботлашга уринишар, гоҳи-гоҳида бирдан келишувга эришган каби, қўл бериб кўришиб олишарди.

Мен ҳам кайфи тарангликда аслида улардан кам эмасдим. Агар кимдир шу тобда гапга тутса ғўлдирашим тайин эди. Аммо ароқ оёғимдан олганича йўқ. Ўрнимдан қўзғалсам, бемалол қаддимни тик тутиб тура оладиган алфоздаман.

— Хонамга кирганим маъқулга ўхшайди, — кўнглимдан ўтказдим маст-аласт «хонадошларим»га бир-бир разм солиб. — Манавиларга тикилиб ўтиргандан нима фойда? Ундан кўра ўринга чўзиламан-да, марҳумамни чорлайман. Ҳозир уни жуда-жуда қўмсай бошладим. Агар шу кеча овозини эшитмасам, ёрилиб ўлишим аниқ…

Ҳа, ҳушёрлигимдаги ўзимга берган ваъдаларим, хаёлимдан кечган ўйлар айни чоғда гўё қуюқ туман орасида қолиб кетганди. Яқинимни йўқотишга чидолмаслик, соғинч, ҳижрон қайтадан оромимни ўғирлади. Ичкилик таъсири шу қадар кучли келдики, Наргизанинг ташрифига қаттиқ ишондим.

Йўқ, яхшиси қабристонга жўнайман. Тунда қабристон сокин бўлади. Суҳбатимиз қизигандан қизийди. Ҳеч ким халал бермайди. Ҳойнаҳой, Наргиза менинг боришимни кутиб маҳтал бўлаётгандир. Қадам товушларимни эшитгани ҳамоно қувониб кетади…

Тўсатдан ўзи қабрдан чиқиб келса-я! Уни кўрсам-а! Қабр рўпарасидаги ўриндиқда ёнма-ён ўтириб суҳбатлашсак-чи? У тириклигидагидек оҳ-вой қилмасди. Ёримни маҳкам қучиб олардим-да, тонгга қадар қўйиб юбормасдим…

Майли, кўринмаса ҳам қўнғироқдек овозини эшитиш насиб этса бас. Кўнглим ҳайитдагидек яйрайди. Қалбимда ҳақиқий байрам бўлади. Ҳеч ким эришмаган бахтга эга бўламан. Зарур бўлса, шаталоқ отиб ўйнайман. Мени телба дейишса дейишаверсин. Ҳали ҳеч ким мен каби оламдан ўтган яқини билан тиллашмаган. Бу туйғуни вужудида туйиб кўрмаган.

Фақат… Кайфим тарқаб кетмасайди! Акс ҳолда ўзимни ҳозирчалик эркин тута олмайман.

Ҳа, кўчадаги барлардан бирига кириб яна юз грамм ичаман. Шунда жойига тушади.

Сўнгги бор ичкаридаги пиёнисталарга қараб олгач, ташқарига йўл олдим.

Подъезддан чиқишим билан сархушлигимга қарамай, димоғимда баҳорнинг ёқимли ва тотли ифорини туйдим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Читайте на сайте


Smi24.net — ежеминутные новости с ежедневным архивом. Только у нас — все главные новости дня без политической цензуры. Абсолютно все точки зрения, трезвая аналитика, цивилизованные споры и обсуждения без взаимных обвинений и оскорблений. Помните, что не у всех точка зрения совпадает с Вашей. Уважайте мнение других, даже если Вы отстаиваете свой взгляд и свою позицию. Мы не навязываем Вам своё видение, мы даём Вам срез событий дня без цензуры и без купюр. Новости, какие они есть —онлайн с поминутным архивом по всем городам и регионам России, Украины, Белоруссии и Абхазии. Smi24.net — живые новости в живом эфире! Быстрый поиск от Smi24.net — это не только возможность первым узнать, но и преимущество сообщить срочные новости мгновенно на любом языке мира и быть услышанным тут же. В любую минуту Вы можете добавить свою новость - здесь.




Новости от наших партнёров в Вашем городе

Ria.city
Музыкальные новости
Новости России
Экология в России и мире
Спорт в России и мире
Moscow.media






Топ новостей на этот час

Rss.plus





СМИ24.net — правдивые новости, непрерывно 24/7 на русском языке с ежеминутным обновлением *