Добавить новость
World News in Uzbek
Новости сегодня

Новости от TheMoneytizer

ШАЙТАНАТ… (77-қисм)

* * *

 

Жалил «гапинг бўлса, айт» дегандай ўртоғига тикилиб ўтираверди.

— Тўғри айтдинг, — деди ниҳоят Асадбек, — сассиқ бўлсанг ҳам ўзингдан ўтадигани йўқ… Болаларни кўриб турасанми?

— Қайси болаларни?

— Маҳалладаги… Бахтиёр, Шавкат, Раҳмат, Нусрат…

— Кам кўраман. Ҳамма ўзининг ташвиши билан овора. Биров бировдан гина қиладиган замон эмас. Анавинда Шоқосимни кўрувдим. Белдан олибди. Тўқсон яшар чолдай гажак бўлиб юрибди.

— Футбол ўйнаганимизда зўр эди, а? Эсингдами қўли сингани?

— Эсимда… сен йиқитиб синдирувдинг.

— Мен атай йиқитибманми, оёғим чалишиб кетувди.

— Сенинг оёғинг ҳозиргача ҳам чалишади.

— Бўлди, сасима.

— Хўп, сасимадим. Менга қара, дўхтир таниш- ларинг кўп. Шоқосимни бир қаратсанг-чи? Шу ёшида қийшайиб юриши менга ёқмаяпти.

— Яхши айтдинг. Зўр дўхтирга қаратамиз. Жалил, ошна болаларни би-ир йиғмайсанми?

— Сеникигами? Келишмайди.

— Нега?

— Сен улардан ўзингни баланд тутдинг. Улардан ўзинг узоқлашдинг. Биз болаликда қанча эдик, ҳозир нечта қолдик, биласанми? Козим, Раҳим, Туроб, Ҳабиб, Манноп…

Биттаси ўттиз бешда кетди, биттаси қирқида кетди… Жанозаларига бормадинг-ку? Сағирларига бир бурда нон бермадинг-ку?

— Ҳа, гапиравер, оғиз ўзингники, тилингнинг суяги йўқ. Худо ҳеч бўлмаса сенинг тилингни суякли қилиб яратганида қандай яхши эди…

— Сен Худонинг ишига аралашма. Ўзингни бил. Менинг тилимга суяк сўрагунча, ўзингга имон тила.

Бу гапни эшитиб, Асадбек аччиқланди. Ўрнидан бир қўзғолиб олиб, ўртоғига ўқрайди.

— Нима демоқчисан? Ҳали мен имонсизманми?!

— Бу ёлғиз Худогагина маълум. Лекин билиб қўй: маҳаллага мачит қурдирганинг билан имонли бўлиб қолмайсан. Мингта мачит қурдир-у, ўзингнинг пешананг саждага тегмаса бир пул.

— Мен мачитни пеш қилганим йўқ сенга.

— Мен ҳам шунчаки айтдим.

Асадбек чиндан ҳам ғазаблана бошлаган эди. Гап талашув шу зайлда давом этса, ўртоғининг кўнглини оғритиб қўйиши мумкинлигини фаҳмлаб, сукут сақлади. Жалил бу сукутни мағлублик аломати деб ўйлаб, ғолибларга хос қараш билан ошнасидан яна сўз кутди.

— Нима қиласан, болаларни йиғасанми? — деди ниҳоят Асадбек, аввалги мавзуга қайтиб.

— Айтдим-ку, сенга… — деди Жалил ўша қайсарлик билан.

— Меникига келмаса, уйингга чақир. Бўлмаса… чойхона бор. Битта ош мендан.

— Ўҳ-ҳў… жуда каттага тушасан-ку, а? Ошнам, ҳамёнинг кўтара олармикин бунча харажатни? — деди Жалил пичинг билан. Асадбек унга бир сапчимоқчи бўлди-ю, унинг қувлик билан жилмайганини кўриб, шашти пасайди. «Понани пона билан чиқаради», деганларидай ўзи ҳам пичинг билан жавоб қайтарди:

— Ҳамёним кўтармаса Жалилбойвачча деган ошнам бор, қараб турмас ахир.

Суҳбат шу зайлда давом этаверди. Дам киноя, дам ғазаб, дам пўписа оҳанглари бирбирларига илтифот қилиб, суҳбат маромига ҳожалик қилдилар. Жалил кетишга шошилмади. Асадбек эса уни қувмади.

Асадбек сўзни асосий мақсадга буришга қанчалик уринмасин, шу гапга келганида тили айланмай қолаверди. Йўқ, у ошнасига қизи фожиаси ёки бугунги отишмани айтишни ният қилмаган. Унинг мақсади бошқа.

Қизини шармандали ҳолда кўриб, изига қайтаётганида хаёлига «нима учун мени Худо ёмон кўриб қолди?» деган савол урилди. Бу саволни кейинроқ ҳам тез-тез эслади. Элчинни тирик кўрганида ҳам хаёлини шу савол бир ёритиб ўтди. Бу саволга ўзи жавоб топа олмас эди. Жалил келганида ундан сўрамоқчи бўлди. Лекин ўзи билмаган қандайдир куч уни тўхтатди. Сукутга берилган онлари хаёлан Жалилга шу саволни берди. Жалил эса унга:

— Аввал Худо сени яхши кўрармиди? — деб жавоб қилади.

— Аввал ҳамма ишларим силлиқ эди. Бошимга бунчалик бало тошлари ёғилмаганди.

— Худо сени синаётган эди. Сен бошқаларнинг бошига офат тошлари ёғдириб кун кўрдинг. Энди бу тошларни ўзинг ҳам бир тотиб кўр-чи? «Пичоқни олдин ўзингга ур, оғримаса бировга ур», деган ҳикматни эшитмаганмисан? Сен бу ҳикматга амал қилмадинг. Пичоқни аввал бировларга уриб, лаззатландинг. Энди эса пичоқ этингни сал тилиб кетса, вой-войлаб ўтирибсан…

Асадбек дўсти билан хаёлан шундай баҳс юритиб «Бу одамдан фақат шунақа сассиқ гап оласан» деган қарор билан саволини тилига чиқармади.

Жалил «шундай сўррайиб ўтираверамизми, ул-бул олиб чиқай», деб укасиникига йўл олганида унинг изидан яна шу саволни хаёлан бериб кўриб, бу сафар лўндароқ жавоб олди:

— Худо сени нима учун яхши кўриши керак?..

 

***

 

Жалил укасиникидан қайтаётганида Чувриндига йўлиқди. Машинадан тушибоқ хуш кайфият билан кўришган Чувринди эшикни очмоқчи бўлганида Жалил уни тўхтатди:

— Акангга нима бўлди?

— Нима бўпти? Билмасам… Уйга борсам йўқлар, ҳойнаҳой шу ердадирлар, деб келаётганим.

— Шунақами?… — Жалил аччиқланиб «ит ҳам эгасига бунчалик вафодормасдир», деб ўйлади, сўнг Чувриндининг билагидан ушлаб, ўзига қаратди: — менга яхшироқ қарачи, аҳмоққа ўхшармикинман?

— Ие, Жалилхон ака, нимага ундай дейсиз?

— Мен аканг билан кўча чангитиб юрганимда сен адангнинг белида ҳам йўқ эдинг.

Мен оғайнимнинг кўзига қараб, ичида дарди борлигини биламан. Ҳали сен мени лақиллатмоқчи бўласанми, айт, нима гап ўзи?

— Ўзларидан сўрамадингизми?

— Ўзи дардини айтадиган одамми?

— Сизга айтмаган сирларини менга айтармидилар. Мен ҳам ҳайронман, ўзи. Кеннайим кетганларидан бери кайфиятлари йўқроқ.

— Дўхтирга қаратяпсанми? Йўтали жуда хунук-ку?

— Дўхтир дори берган. Худо хоҳласа яхши бўлиб кетадилар.

Жалил ундан гап ололмаслигини билиб, билагини қўйиб юборди. «Бир гўрсанлар ҳамманг», деб ичкари кирди. Уйга киргач, Чувринди бирон ишора қилармикин, деб кузатди. Асадбек аъёнининг жилмайиб салом беришиданоқ иш яхши битганини фаҳмлади. Ортиқча имо-ишорага ҳожат қолмади. Чувринди аввал уйга ўтгани, сўнг бу ёққа таваккал қилиб келаверганини айтиб, танчанинг бир томонини эгаллаб ўтирди.

Жалил укасиникидан олиб чиққан дастурхонни ўртага қўйди.

— Жиян ҳозир чой олиб чиқади, — деди у, — укам исменда экан, келинга айтдим, маставага уннади. Бир терласанг, енгил тортасан.

— Бекор овора қилибсан, уйга борақоламиз, — деди Асадбек.

— Тўхта энди, маставани ичиб кет. Жиянларим айтишди: ҳали шу томонда милтиқ отилганмишми? — Жалил шундай деб икковига синовчан боқди.

— Агар сенинг жиянларинг эшитишган бўлса отилгандир. Сенга-ю, уруғларингга Худо жағ билан қулоқни икки нормадан қилиб берган. Милтиқ овозини эшитишган бўлса… битта-яримта қарға отгандир.

— Гапинг тўғри, — деди Жалил, — ҳозир гўшт қиммат, қарғани отиб, қозонга босгандир.

Ўзи азалдан шу маҳаллада қарға отиб тирикчилик қилишади. Ўзинг ҳам қарға гўшти еб катта бўлгансан, эсингдами?

Чувринди икки ошнанинг бу илмоқли гапларидан кулди.

— Гапга ҳам тўн кийғизворасиз-да, аммо ака, — деди Жалилга, — Эскироқ мошина ўтган бўлса, пақиллагандир.

— Ҳа… мен ҳам шунақа дедим уларга. Милтиқ-пилтиқ деган гапларни йиғиштирларинг, сенларга шунақа туюлган, дедим.

Шу гапдан сўнг Асадбек Чувриндига маъноли қараб қўйди. Жалил бу қарашда бир сир яширинганини сезиб, бу ҳақда сўз очиб хато қилганини фаҳмлади.

Чувринди келгунига қадар болаликнинг масъуд дамларига қайтиб, кўнгил ғубори кўтарилаётган Асадбек яна бугунги куннинг заҳарли ҳавосидан нафас ола бошлади.

Гўё Чувринди билан бирга бу хонага куннинг изғиринли ташвишлари ҳам қайтгандай бўлди. Тўп тепиб, қийқириб юришлар, ўртоғининг қўли сингани, кўкраги ёнғоқдай бўлиб қолган ҳуркак қизларга тегажоқлик қилишлар… ҳаммаси изига қайтмас ўқ каби учиб ўтиб кетгани яна бир карра таъкидланди гўё. Учинчи одам орага қўшилгач, икки ўртоқнинг сурур булоғидан сув ичаётган суҳбати лойқаланди. Чувринди индамай ўтиргани билан улар ғуборсиз болалик уммонида эркин суза олмас эдилар. Суҳбат мавзуи ўзи истамаган сўқмоқларга бурилавергач, Асадбек сиқила бошлади. Ундаги ўзгаришни сезган Жалил «Қарай-чи, мастава пишдимикин?» деб ўрнидан турди. У чиқиб кетиши билан Чувринди Элчинни қай аҳволда касалхонага элтганини маълум қилди.

— Уйга дўхтир чақира қолмабсан-да, — деди Асадбек норози оҳангда

— Шунақа қилмоқчийдим… лекин… Зайнаб…

— Нима бўлди? — деди Асадбек хавотир билан.

— Дорининг хумори тутган шекилли. Сал нотинчроқ эди. Ҳозир шу келишимда хабар олдим.

Инқиллаб ётибди. Ёлғиз қолмасин, деб келинингизга одам юбордим. Икки-уч кун ёнида туради. Хумордан қутулгунча қийналади. Балки…

— Нима демоқчисан, айтавер.

— Балки касалхонада даволатсакмикин?

— Калланг жойидами?! Бошми бу ёки томоша қовоқми? Ким у, биласанми? Асадбекнинг қизими ё кўчада ит ҳам, бит ҳам тепиб ўтадиган одамми? Бир марта касалхонага ётқизганинг камлик қилдими?

— Мен билиб ўтирибманми?..

— Билишинг керак эди. Оғзингга пашша ўтириб кетса ҳам лаллайиб ётавер, «билибманми…» деб.

Жалил қайтиб киргунига қадар ҳам Асадбекнинг ғазаб ўқлари тугамади. Чувринди эса эртакдаги баҳодирлардай кўкрагини бу ўқларга тутиб, чидам билан тураверди.

Мастава шўр туюлиб, Асадбек уч-тўрт қошиқдан ортиқ ичолмади. Чувринди эса иримига лаб теккизиб қўйди. Жалил уларга эътибор бермай маставани хўриллатиб ичиб, косани бўшатди.

— Энди уйга борамиз, — деди Асадбек, лабини сочиққа артаётган ўртоғига қараб.

— Ҳамма уй-уйигами? — деб аниқлаштирди Жалил.

— Йўқ, сен меникига борасан. Гаплашиб ётамиз.

— Боринг, акахон, — деб ҳожасини қувватлади Чувринди, — бир кун минг кун бўлармиди, би-ир отамлашиб ётасизлар.

— Борсам боравераман-да, уйда эмизикли болам қолиб кетармиди, — Жалил шундай деб косаларни йиғиштирди-да, ташқарига йўл олди. Асадбек ҳам ўрнидан туриб ҳовлига чиқди.

— Одамларингга тайинла. Пашша ҳам учиб ўтмасин бу ҳовлига. Кун ёришганда қон теккан ерни қириб ташлашсин. Жалилнинг гапларини эшитдинг-а, иси чиқмасин.

— Болаларни?..

— Уларга тега кўрма. Лекин шу атрофдагиларнинг оғзи маҳкам бўлиши керак. Нима қилиш кераклигини ўйлаб кўр.

«Ўйлаб кўр», дейиш осон. Аммо ўйлаб, энг маъқул йўлни топишнинг ўзи бўларми экан? «Иккита, учта ўқ овози бўлса эди, эшитганлар унга эътибор беришмаса, — деб ўйлади Чувринди. — Ўликка шунча ўқ узиш шартмиди?..»

Шарт эмас эди. Бу Асадбекка ҳам маълум нарса. Аммо ўшанда унга ҳокимлик қилган ғойиб кучи шунга мажбур этди. Чувриндининг бу ҳолни ҳис қилиши мушкул.

Айни чоғда оғир туюлган бу масаланинг ечимини Чувринди тонгда топди.

Ҳосилбойваччанинг йигитлари билан бўлган учрашувдан кейин Ҳалимжон Чувриндининг топшириғига кўра терговчи қиёфасида қўни-қўшниларникига бир-бир кириб чиқди.

Ажойиботни қарангки, уларнинг биронтаси ҳам ўқ овозини эшитишмабди. Ҳатто Жалилнинг жиянлари ҳам «Ўқ овозини эшитдингларми?» деган саволга «Қанақа ўқ?» деганларича безрайиб тураверишди.

Бу манзара эртанинг иши. Бу кеч эса Асадбек топшириқни бериб машинага ўтирди.

Чувринди икки ошнани кузатгач, уйига қайтишга отланди. Йўл-йўлакай яна Зайнабдан хабар олди. Хотини етиб келган, ўқчиётган Зайнабга чой тутиб, «ичинг, айланай, терласангиз ўтиб кетади», деб зўрлаётган эди.

— Қанақа чой беряпсан? — деб сўради Чувринди, остона оғзида тўхтаб.

— Кўк, — деди хотини.

— Фамил дамла. Роса аччиқ бўлсин.

Шундай деб яна бир оз тургач, изига қайтди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

Читайте на сайте


Smi24.net — ежеминутные новости с ежедневным архивом. Только у нас — все главные новости дня без политической цензуры. Абсолютно все точки зрения, трезвая аналитика, цивилизованные споры и обсуждения без взаимных обвинений и оскорблений. Помните, что не у всех точка зрения совпадает с Вашей. Уважайте мнение других, даже если Вы отстаиваете свой взгляд и свою позицию. Мы не навязываем Вам своё видение, мы даём Вам срез событий дня без цензуры и без купюр. Новости, какие они есть —онлайн с поминутным архивом по всем городам и регионам России, Украины, Белоруссии и Абхазии. Smi24.net — живые новости в живом эфире! Быстрый поиск от Smi24.net — это не только возможность первым узнать, но и преимущество сообщить срочные новости мгновенно на любом языке мира и быть услышанным тут же. В любую минуту Вы можете добавить свою новость - здесь.




Новости от наших партнёров в Вашем городе

Ria.city
Музыкальные новости
Новости России
Экология в России и мире
Спорт в России и мире
Moscow.media






Топ новостей на этот час

Rss.plus





СМИ24.net — правдивые новости, непрерывно 24/7 на русском языке с ежеминутным обновлением *