АҚШ: Россия Украина шарқида кенг кўламли провокация тайёрлаётган бўлиши мумкин
Қўшма Штатлар Россия Украинага бостириб киришга баҳона топиш учун бу мамлакат ҳудудида махсус тайёрланган ходимлар ёрдамида кенг кўламли провокацияга ҳозирлик кўраётгани ҳақида маълумотга эга.
Бу ҳақда CNN канали АҚШ маъмуриятидаги манбаасига таяниб хабар берди.
Кейинроқ Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки брифингда бу маълумотни тасдиқлади.
Псаки сўзларига кўра, Вашингтон қўлида Россияда ўқитилган одамлар шаҳар амалиётлари ва Донбассда россияпараст кучларга қарши қўпорувчилик қилиш учун портловчи моддалардан фойдаланиш бўйича ўқитилгани ҳақида далиллар бор.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШ расмийларининг Украинага қарши провокациялар тайёрлагани ҳақидаги айбловларини қуйидагича изоҳлади:
“Ҳозиргача бу баёнотларнинг барчаси асоссиз бўлиб келган ва ҳеч нарса билан тасдиқланмаган”, - деди Песков
АҚШнинг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жэк Салливан пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда разведка маълумотларига ишора қилганди.
“Бизнинг разведкамиз Россиянинг босқинчилик учун баҳона тўқиш имкониятига замин яратаётгани ҳақидаги маълумотни текширмоқда”, - деганди Салливан ва бундай сценарий 2014 йилда ҳам кузатилганини таъкидлаган. "Улар бунга яна тайёргарлик кўришмоқда ва биз қўшимча маълумотларни кейинги кунда билиб оламиз", деб қўшимча қилди маслаҳатчи.