Тошкентдаги учта туманда минглаб хонадонга табиий газ узатиш вақтинча тўхтатилади
Тошкентдаги Учтепа, Янгиҳаёт ва Сергели туманларида жойлашган минглаб хонадонга жорий йилнинг 2 февраль куни бир неча соат табиий газ берилмайди. Бу ҳақда “Ҳудудгаз Пойтахт” газ таъминоти филиали матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Ташкилот қайдича, Учтепа тумани “Алгоритм” мавзесида жойлашган ер усти ўрта босимли Д - 57 мм газ қувурини ҳаракатдаги газ қувурига улаш ишлари туфайли чоршанба куни соат 11:00 дан 16:00 гача бу манзилдаги 50 та аҳоли хонадонига ҳамда битта улгуржи истеъмолчига табиий газ узатилмайди.
Шунингдек, шу куни соат 11:00 дан 17:00 гача қувур улаш ишлари важидан Янгиҳаёт тумани Узар кўчасида жойлашган 45 та кўп қаватли уйдаги 2 минг 520 та хонадон ҳамда 4 та улгуржи истеъмолчи табиий газ таъминотидан узилади.
Шу билан бирга, 2 февраль куни 11:00 дан 17:00 гача Сергели тумани “Дарё бўйи” маҳалласидаги носозликни бартараф этиш мақсадида мазкур маҳалладаги 1 минг 199 та хонадон ва 115 та улгуржи истеъмолчига табиий газ етказиб бериш тўхтатилади.
“Ҳудудгаз Пойтахт” таъмирлаш ишлари тугатилгандан сўнг табиий газ таъминоти қайта тикланишини ваъда қилган.
Аввалроқ Энергетика вазирлиги аҳолини табиий газ билан таъминлаш Ўзбекистон барча ҳудудларида 100 фоизга тиклангани ҳақида маълум қилган эди.