Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги АҚШдан Puma учувчисиз учиш аппаратини сотиб олаётганини рад этди
Ўзбекистонда бугунги кунга қадар «Puma-RQ 20» учувчисиз учиш аппаратини сотиб олиш масаласи кўтарилмаган. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
«Ўзбекистон қурол-яроғ ва ҳарбий техника халқаро бозорини доимий равишда кузатиб боради. Дунёда робот тизимлари ривожланаётган бир пайтда учувчисиз учиш аппаратларининг кузатилиб борилиши ҳам бундан мустасно эмас.
Ҳеч кимга сир эмаски, америкалик учувчисиз учиш аппаратлари ишлаб чиқарувчилари бу борада етакчилардан бири ҳисобланади, шунинг учун ҳам Ўзбекистонлик мутахассислар томонидан уларга маълум қизиқиш билдирилмоқда, бироқ бугунги кунга қадар «Puma-RQ 20» учувчисиз учиш аппаратини сотиб олиш масаласи кўтарилмаган», дейилади хабарда.
Аввалроқ, AeroVironment компанияси АҚШнинг ташқи ҳарбий сотуви (FMS) дастури доирасида Puma 3 AE учувчисиз учиш аппаратларини Ўзбекистонга етказиб бериши маълум қилинганди.
АҚШ армияси қўмондонлигидан 8,54 миллион долларлик келишув бўйича учувчисиз учиш аппаратларини етказиб бериш 2022 йил 30 ноябргача якунланиши айтилганди.
АҚШ Мудофаа вазирлиги шартнома бўйича қанча Puma 3 AE тизими тақдим этилишини ошкор қилмаган, бироқ Shephard Defence Insight бундай дроннинг биттасини учувчисиз учиш аппаратлари учун 225 000 долларга баҳоламоқда.
Puma 3 AE жанговар ҳаракатлар зонасидаги бўлинмаларга реал вақтда разведка маълумотларини тўплаш имконини беради. Қурилма қуруқликда ва денгиз шароитида ишлатилиши мумкин, уни бир киши олиб юради, қўлдан ишга туширилади.
mudofaa.uz.