Россияда Instagram ижтимоий тармоғини блоклаш бошланди
Россия ҳудудларида провайдерлар Instagram’ни блоклашни бошлади. 11 март куни “Роскомнадзор” ижтимоий тармоққа кириш 14 март соат 00:00 дан чекланишини эълон қилиб, фойдаланувчиларга ўз маълумотларини бошқа платформаларга кўчириш учун 2 кун муҳлат берганди.
Даставвал Узоқ Шарқда ижтимоий тармоқ ишлашдан тўхтагани хабар қилинди. Amur Mash телеграм-каналига кўра, Instagram қоқ ярим тунда ишламай қолган. “Тамом: лента янгиланмаяпти, янги маълумот юкланмаяпти, лайклар қўйилмаяпти”, деб ёзган Amur Mash.
“Борус” телеграм-канали Красноярскда ҳам Instagram блокланганини, лекин VPN билан ишлаётганини қайд этган.
“Роскомнадзор” Россияда Instagram’ни блоклаш қарорини мазкур ижтимоий тармоқда “Россия Федерацияси фуқаролари, жумладан ҳарбий хизматчиларига нисбатан зўравонлик хатти-ҳаракатларини содир этишга чақириш мазмунидаги ахборот материаллари тарқатилаётгани” билан изоҳлаган.