Ливанда кема чўкиб кетди. Ҳалок бўлганлар бор
Ичида 60 киши бўлган кема Ливандаги Триполи порти яқинида чўкиб кетди. Бу ҳақда шанба куни Қизил Хочнинг Ливан бўлими маълум қилди.
Ташкилотнинг «Твиттер»даги расмий саҳифасида кейинроқ яна 3 та кема порт томон йўл олганини маълум қилган ҳолда, «Ичида 60 га яқин одам бўлган кема чўкиб кетди. Ливан Қизил Хоч ташкилоти Триполи портига еттита тез ёрдам машинасини жўнатди» – деган пост пайдо бўлди.
Ливан армияси ва қирғоқ хавфсизлиги Триполи қирғоқларида қидирув-қутқарув операциясини давом эттирмоқда. Маълумотларга кўра, қутқарувчилар аёл ва боланинг жасадларини топган.
Транспорт ва жамоат ишлари вазири Али Ҳамиянинг сўзларига кўра, 46 киши қирғоққа олиб чиқилган, улар орасида аёллар ва болалар ҳам бор, уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Унга кўра, Триполи портида Ливан Қизил Хоч жамияти бригадалари ишламоқда.
«Ушбу фожиали воқеадан кейин инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун бундай қутқарув операцияларида иштирок этаётган барча тузилмаларни сафарбар этиш талаб этилади» – деб пост қолдирди вазир «Твиттер»даги расмий саҳифасида. «Мен барча томонлар билан доимий алоқадаман, бедарак йўқолганларнинг қолган қисмини қидириш ишлари давом этмоқда».
Ливан хавфсизлик манбасининг айтишича, суриялик қочқинлар ноқонуний йўллар билан Кипр қирғоқларига етиб боришга ҳаракат қилган.