Ўзбекистон Республикаси Президенти Евроосиё иқтисодий иттифоқининг онлайн саммитида иштирок этди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 май куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг йиғилишида ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат раҳбари сифатида иштирок этди.
Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров раислигида видеоанжуман шаклида ўтган тадбирда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян, Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ҳузуридаги кузатувчи мамлакат – Куба Республикаси Президенти Мигель Бермудес ва Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати раиси Михаил Мясникович ҳам қатнашди.
Йиғилиш кун тартибидан ЕОИИ маконида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва интеграция жараёнларини чуқурлаштириш, шу жумладан иқтисодиёт, савдо, саноат, транспорт ва бошқа йўналишларда амалий шерикликни мустаҳкамлаш масалалари ўрин олди.
Ўзбекистон Президенти ўз нутқининг аввалида Қирғизистон ЕОИИга раисликни фаол амалга ошираётгани, бу ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилаётганини қайд этди.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан пандемиянинг салбий оқибатлари юмшатилгани ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликда ижобий суръат таъминланаётгани таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан товар айирбошлаш ҳажми 2021 йилда 30 фоизга, жорий йил бошидан эса яна 33 фоизга ошди. ЕОИИ мамлакатларидан жалб қилинаётган инвестицияларнинг йиллик ўсиши қарийб 25 фоизни ташкил этмоқда.
Дунёда рўй бераётган шиддатли ўзгаришлар ва мамлакатларимиз барқарорлиги учун жиддий хатарга айланган инқирозли ҳодисаларни қайд этиб, Ўзбекистон раҳбари биргаликда ечим топишни тақозо этаётган энг долзарб вазифаларни кўрсатиб ўтди.
Президентимиз Ўзбекистон ва ЕОИИ мамлакатлари ўртасидаги савдода техник тўсиқларни бартараф этишни давом эттириш ва сертификатлаштиришни ўзаро тан олишга чақирди. Бу товарларнинг бозорларимизга кириб боришини анча соддалаштиришга хизмат қилади.