Туркиянинг халқаро миқёсда тан олинган номи ўзгарди
Мамлакат ТИВ Мавлуд Човушўғли бу борада БМТга расмий сўров йўллаганини маълум қилди, деб ёзмоқда Zamon.uz нашри.
Туркиянинг халқаро миқёсда тан олинган расмий номи Türkiye тарзида ёзиладиган бўлди.
Вазир бу мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга қаратилган чоралардан бири эканини қайд этган.
«БМТ бош котибига юборган мактубимда мамлакатимиз номи БМТнинг хорижий ҳужжатларида Türkiye шаклида ёзилиши мақсадга мувофиқлигини баён этдим. Ушбу ўзгариш хайрли бўлсин!» – деб ёзди Човушўғли.
Эндиликда халқаро миқёсдаги расмий ҳужжатларда Türkiye истилоҳи қўлланади, Turkey, Turkei, Turquie каби атамалардан воз кечилади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил декабрь ойида президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонида халқаро оммавий ахборот воситаларида мамлакатнинг номини фақат Türkiye шаклида ишлатиш ҳақида ҳужжат имзоланган. Бу ҳужжат лафзий бирхилликни таъминлаш ва халқаро майдонда “Türkiye” брендини мустаҳкамлашга қаратилган қадам деб баҳоланган. Хусусий сектор, жамоат, нодавлат-нотижорат ташкилотлар, илмий доира вакиллари ва матбуотга ҳам мамлакат номини шу тарзда қўллаш тавсия этилган.