Наманганда уч ёшли бола қудуққа тушиб кетди
Наманган вилояти Поп туманида уч ёшли бола қопқоғи очиқ бўлган қудуққа тушиб кетди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 22 июнь куни 18:00 атрофида Озод маҳалласи Наврўз кўчасидаги кўп қаватли уйда яшовчи 2019 йилда туғилган И.М. кўчада ўйнаб юрган пайтда эҳтиётсизлиги туфайли қопқоғи очиқ турган қудуққа тушиб кетган.
Қўни-қўшнилар ёрдами билан бола қудуқдан чиқариб олинган. Ҳолат бўйича туман фавқулодда вазиятлар бўлимига ҳеч қандай маълумот келиб тушмаган.
Ҳозирда бола соғ-саломат. Поп туман фавқулодда вазиятлар бўлими давлат қуйи тизимига кирувчи ташкилотларга қудуқ қопқоқларини очиқ қолдирмасликдан огоҳлантирган.