Ўзбекистон ЮНEСКОнинг маданий мерос бўйича нуфузли бошқарув органига сайланди
Ўзбекистон ЮНЕСКО Бош қароргоҳида (Парижда) бўлиб ўтаётган “Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги конвенсияга аъзо бўлган давлатлар Бош ассамблеясининг 9-сессиясида Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитага аъзоликка сайланди. Бу ҳақда «darakchi.uz»га Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистонда номоддий маданий меросни қадрлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро майдонда ўз самарасини берди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири, ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссия раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигида Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонасини саъй-ҳаракати билан Ўзбекистон Республикаси Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитага 4 йилга (2022-2026) аъзо бўлди.
Таъкидлаш керакки, ЮНЕСКОнинг иккинчи минтақавий сайлов гуруҳида (Шарқий Европа ва МДҲнинг айрим давлатлари) иккита бўш ўрин учун бешта номзод – Ўзбекистон, Болгария, Босния ва Герсеговина, Словакия ҳамда Эстония ўзаро кураш олиб борди.
Ўзбекистон учун энг кўп давлат овоз берилган– 105. Бошқа рақобатчи давлатлар қуйидагича овоз олган: Словакия (94 – иккинчи бўш ўринга сайланган), Эстония (69), Болгария (26), Босния ва Герсеговина (9).
Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитанинг асосий вазифалари – Конвенсия мақсадларини илгари суриш, илғор тажрибалар бўйича йўл-йўриқ кўрсатиш ва номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш чора-тадбирлари бўйича тавсиялар беришдан иборат.
Қўмита иштирокчи-давлатлар томонидан номоддий меросни рўйхатга киритиш тўғрисидаги сўровларни, шунингдек, дастурлар ва лойиҳалар бўйича таклифларни кўриб чиқади. Қўмита халқаро ёрдам кўрсатишга ҳам масъулдир. Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмита Конвенсияни амалга оширишга тайёргарлик кўради, асосан, оператив кўрсатмалар тўпламини ва Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш режасини ишлаб чиқиш Конвенсиянинг 25-моддасида белгиланган. У ушбу ҳужжатларни Бош Ассамблеяга тасдиқлаш учун тақдим этади.
Ҳозирги кунга қадар ЮНЕСКО конвенсиясига 180 та давлат аъзо бўлган. Ўзбекистон ушбу конвенсияга 2008 йилда қўшилган.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Ўзбекистоннинг 10 та миллий ва кўп миллатли қадриятлари инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилган, жумладан, “Шошмақом”, “Палов тайёрлаш анъаналари”, “Наврўз”, “Хоразм лазги рақси” ва “Бахшичилик санъати”.