Додон Молдовага АҚШдан яширин қурол етказиб берилишини эълон қилди
Молдова собиқ президенти Игор Додон Жамоат телеканалига берган интервюсида АҚШ мамлакатга яширинча қурол беришини айтди.
“АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг бир нечта самолётлари бортида ғалати юклар билан Кишинёвга қўнди. Биз парламент орқали маълумот сўраганимизда, бу сир эканлигини айтишди… Мен Молдовага қурол етказиб берилаётганини норасмий каналлар орқали биламан”, — дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради ТАСС.
Аввалроқ Буюк Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трусс НАТО давлатлари Молдовани алянс стандартларига мувофиқ қуроллантириш имкониятини муҳокама қилаётганини айтган эди.
Молдова президенти Майя Санду таъкидлаганидек, Молдова қурол-яроғни фақат ўз армиясини қайта жиҳозлаш учун ёрдам сифатида кўради.